Лукашенко Ўзбекистонни МОдаги асосий ҳамкор деб, яна ЕОИИга даъват қилди

Жамият

image

Александр Лукашенко Минск Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги асосий ҳамкори деб билишини, мамлакат ҳукумати уни ЕОИИда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда у Президент Шавкат Мирзиёев билан бугун, 24 июль куни телефон орқали мулоқотда айтиб ўтган. 

“Беларусь Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги асосий ҳамкори деб билади ва Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликда мамлакат иқтисодиётини тўлиқ жалб этишни таъминлаб,  уни ЕОИИда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр”, дейилади БЕЛТА хабарида.

Суҳбатда Ўзбекистон Беларуснинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини қўллаб-қувватлаши ҳақида ҳам сўз борган. 

Қайд этилишича, мулоқотда ҳамкорликни ривожлантириш учун етарлича истиқболлар мавжудлиги таъкидланган: икки мамлакат бозорларида харидоргир маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма корхоналар ташкил этиш.  Мирзиёев ва Лукашенко яна бир бор Қорақалпоғистон воқеалари хусусида гаплашган ва у ерда содир бўлган воқеалар юзасидан фикр алмашган. 

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати эса Шавкат Мирзиёевнинг Лукашенко билан телефон орқали ўтказган мулоқоти ҳақида тарқатган хабарида Қорақалпоғистон, ЕОИИ масалалари муҳокама қилингани ҳақида сўз очмаган. 

“Беларусь раҳбари Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, дўст Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Президентлар кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-Беларусь муносабатлари жадал ривожланиб, аниқ мазмун билан бойиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида муваффақиятли кооперация лойиҳалари сони ошмоқда, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашинув кенгаймоқда.

Ҳукуматлар раҳбарлари даражасида мунтазам ва самарали мулоқот йўлга қўйилгани юқори баҳоланди. Машинасозлик, агросаноат мажмуи, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоқларида, амалий ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинди”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенко ЕОИИ

Баҳолаганлар

205

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг