Лукашенко болаларга Президент бўлиш сирларини ўргатди
Олам
−
10 Февраль 2021
3293Беларусь етакчиси Александр Лукашенко қандай қилиб Президент бўлиш мумкинлиги ҳақида болаларга маслаҳат берди. У бу ҳақда янги расмий веб-сайтида ёзиб қолдирган.
"Давлат раҳбари бўлиш учун сиз кўп нарсани ўрганишингиз, кенг дунёқарашга эга бўлишингиз, ўз мамлакатингизни севишингиз ва уни яхшилашга интилишингиз керак", дейилган манбада.
Қайд этилишича, мамлакат Президенти кўплаб ваколатларга эга бўлади, давлат раҳбарининг иши "ўта масъулиятли ва оғир кундалик вазифадир".
Ушбу маслаҳатлардан ташқари, саҳифада Беларусь Президентининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари рўйхати, шунингдек, ушбу лавозимга номзод кўрсатиш шартлари келтирилган.
Маълумот ўрнида, жорий йил 11-12 февраль кунлари олтинчи маротаба Бутунбеларусь халқ йиғилиши ўтказилади.
Йиғилиш илк бор 1996 йилнинг октябрь ойида Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумдан олдин ўтказилган. Ўшандан бери бундай учрашувлар ҳар 5 йилда бир марта ўтказилиб, келгуси беш йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурини тасдиқлайди.
Бундай учрашувлар 2001, 2006 ва 2010 йилларда Президент сайловларидан бироз олдин ўтказилган. Бешинчи Бутунбеларусь халқ йиғилиши 2016 йилнинг ёзида Президентлик сайловларидан сўнг бўлиб ўтган.