Лондондаги жанг ва яширин фаворитлар тўқнашуви. Бугун ЕЧЛ ўйинлари қайтади
Спорт
−
08 Апрель
4498Бугун, 8 апрель куни Европа Чемпионлар лигаси чорак финалидан ўрин олган икки ўйин, “Арсенал”-“Реал”, “Бавария”-“Интер” баҳслари ўтказилади.
Лондондаги марказий ўйин
Мухлис ва мутахассислар томонидан чорак финал босқичи жуфтликлари орасида энг марказийси, деб қаралаётган баҳсда “Арсенал” ўз уйида “Реал Мадрид”ни меҳмон қилади. Ушбу ўйинга иккала жамоа ҳам бироз ёмонроқ кайфиятда келмоқда. Сабаби, “Арсенал” АПЛ доирасида охирги ўйинда “Эвертон” билан дуранг қайд этган бўлса, “Реал Мадрид” Ла Лига доирасида ўз уйида “Веленсия”га қарши ўйнаб, сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол эвазига 2:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Бу билан мадридликлар асосий рақобатчиси “Барселона” билан орадаги фарқни 4 тагача ошириб юборди. Ушбу баҳсни “канонирлар” сафида Кай Хаверц, Габриель Жезус, Микель Мерино, Томиясу каби футболчилар жароҳат сабаб ўтказиб юборади. “Қироллик клуби”да эса Лунин, Себальос, Карвахаль, Менди каби футболчилар Лондондаги учрашувни ўтказиб юбориши мумкинлиги қайд этилган. Йўқотишлар кўплиги ва биринчи ўйинлигига қарамасдан учрашув қизиқарли тус олиши кутилмоқда. Чунки иккала жамоа ҳам асосий эътиборини айнан Европа Чемпионлар лигасига қаратган. “Арсенал” - “Реал Мадрид” ўртасидаги ўйин Тошкент вақти билан 9 апрелга ўтар кечаси 00:00 да старт олади.
Яширин фаворитлар тўқнашуви
Мухлис ва мутахассислар томонидан Европа Чемпионлар лигаси ғолиб бўлиш учун яширин фавроритлар қаторида кўрилган икки клуб “Бавария” ва “Интер” бугун Мюнхенда тўқнаш келади. Иккала жамоа ушбу ўйинга яхши кайфиятда келмоқда. “Бавария” Бундеслига доирасида “Аугсбург”ни мағлуб этиб, чемпионлик томон илдамламоқда. “Интер” эса “Парма” меҳмони бўлиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади, аммо А Серия энг яқин таъқибчиси “Наполи”дан 3 очко олдинда. “Бавария” сафида Дэвис, Упамекано, Коман, Мусиала, Нойер ва Кейн жароҳат сабаб, баҳсни ўтказиб юбориши мумкин. “Интер”да эса Зелиньский, Тареми, Дюмфрис ва Асслани ушбу ўйинни ўтказиб юбориши мумкин. Ном жиҳатидан олиб қаралганда “Бавария”нинг йўқотишлари жиддийроқ кўринмоқда. Аммо мюнхенликларда йўқотишларни ўрнини босадиган футболчилар талайгина топилади. Шунга қарамасдан “Бавария” ушбу ўйинда фаворит мақомини йўқотмади. “Бавария” ҳужумкор футбол таклиф этса, “Интер” бироз тежамкор, аммо қарши ҳужумлардан қочмайдиган жамоа. Хуллас, Мюнхендаги баҳс ҳам мухлисларни зериктириб қўймайди.
Тахминий таркиблар
“Opta” портали бугунги иккала ўйин учун тахминий таркибларни эълон қилди.
“Арсенал” таркиби:
Райя, Уайт, Салиба, Кивиор, Келли, Парти, Эдегор, Райс, Мартинелли, Мерино, Сака.
“Реал Мадрид” таркиби:
Куртуа, Вальверде, Рюдегер, Асенсио, Фран, Модрич, Камавинга, Беллингем, Винисиус, Родриго, Мбаппе.
“Бавария” таркиби:
Урбиг, Лаймер, Дайер, Ким, Станишич, Киммих, Горецка, Олисе, Мюллер, Сане, Кейн.
“Интер” таркиби:
Зоммер, Павар, Ачерби, Бастони, Дармиан, Фраттези. Чалханўғлу, Мхитарян, Димарко, Лаутаро, Тьюрам.
Ушбу ўйин 9 апрелга ўтар кечаси 00:00 да старт олади.
LiveБарчаси