Лондон Украинага ёрдам бериш учун ярим миллиард фунт стерлинг ажратмоқда
Олам
−
23 Апрель
1969Буюк Британия ҳукумати Украинага мамлакат тарихидаги 617 миллион доллар (500 миллион фунт стерлинг) миқдоридаги энг катта ёрдам пакетини тақдим этмоқда. Бу ҳақда Британия Бош вазири Риши Сунак маълум қилди.
“Эълон қилинган қўшимча маблағ Украинага зудлик билан зарур бўлган ўқ-дорилар, ҳаво мудофаа тизимлари, дронлар ва муҳандислик жиҳозларини тезкор етказиб беришга йўналтирилади”, дейилади Британия ҳукумати баёнотида.
Қайд этилишича, янги ёрдам пакети билан биргаликда 2024 йилда Буюк Британия томонидан Украина учун ажратиладиган маблағларнинг умумий миқдори уч миллиард 700 миллион долларга етади.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган ҳарбий ёрдам пакети 1600 дан ортиқ зарба берувчи ва зенит-ракеталарни, жумладан парвоз масофаси тахминан 250 километр бўлган Storm Shadow қанотли ракеталарининг янги партиясини ўз ичига олади. Лондон, шунингдек, Киевга 60 та қайиқ, 160 та Husky зирҳли автомобили, 162 та бошқа зирҳли техника, 78 та ерусти транспорти ва тўрт миллионга яқин ўқ-дориларни топширишни режалаштирмоқда.
Қўшма Штатлар ҳам Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда. У март ойида тақдим этилган 300 миллион долларлик пакетдан анча катта бўлиши кутилмоқда. “Politico”нинг америкалик расмийларга таяниб ёзишича, янги ёрдам пакети таркибига зирҳли техникалар ва Бредли пиёдаларининг жанговар машиналари, шунингдек, артиллерия ва ҳаво ҳужумидан мудофаа снарядлари киради.
Америка матбуоти хабарига кўра, Пентагон Украинага ҳарбий ёрдамнинг катта партиясини олдиндан тайёрлаб қўйган, шунинг учун унга ажратмалар тасдиқланганидан кейин Украина армиясига қурол ва ўқ-дориларни етказиб бериш бир ҳафтадан камроқ вақтни олади.
Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украинага 60 миллиард 800 миллион доллар миқдорида ёрдам пакетини тасдиқлаганди. Расмийлар пакет бўйича етказиб бериш АҚШ Президенти Жо Байден 61 миллиард долларлик Украинага ёрдам лойиҳасини имзолаганидан сўнг дарҳол бошланишини кутмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь