Ливанга ҳужумлар давом этади – Нетаньяху
Олам
−
26 Сентябрь
2675Исроил Ливанга зарба беришда давом этади. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху бугун, 26 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясига муҳокамалари олдидан Исроил матбуотига маълум қилди.
Унга кўра, Исроил Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳужумларини давом эттиради. Ливанга қилинган ҳужумлар ҳақида гапирар экан, Нетаняху шундай деди:
"Биз барча мақсадларимизга эришмагунимизча “Ҳизбуллоҳ”га зарба беришда давом этамиз", деган Исроил ҳукумати раҳбари.
Бош вазирнинг қайд этишича, бу мақсадлардан бири “Ҳизбуллоҳ” билан зиддият туфайли Исроил шимолида кўчирилганларнинг уйларига қайтиши.
Исроил матбуоти Нетаньяхунинг АҚШ ва Франция ташаббуси билан Ливанда уч ҳафталик вақтинчалик оташкесим учун музокараларга рухсат берганини ва бу мақсад учун вазир тайинлаганини даъво қилди. Бу баёнотдан сўнг коалициянинг кўплаб аъзолари, жумладан Нетаньяхунинг партияси ҳам муносабат билдирди. Бу реакция ортидан Бош вазир матбуот хизмати ёзма баёнот эълон қилиб, Нетаньяхунинг Ливанда вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилишга рози бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
Маълумот учун, Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” орасидаги зиддиятнинг янги босқичи Ливанда 17 ва 18 сентябрь кунлари бир қатор алоқа қурилмалари портлашидан сўнг бошланди. Ливан ҳаракати портлашларни уюштирганликда Исроилни айблади, унинг расмийлари воқеа ҳақида тўғридан-тўғри изоҳ бермади, бироқ шимолий йўналишда ҳарбий амалиётлар фаоллашганини эълон қилди.
Шундан сўнг Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливан жанубидаги чегара ҳудудларига катта зарбалар беришни бошлади ва 20 сентябрь куни Байрутга ҳужум қилиб, у ердаги “Ҳизбуллоҳ” ҳарбий қанотининг 16 нафар қўмондони йўқ қилинди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил мудофаа кучлари Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши қуруқликдаги операцияни тайёрлаётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси