Франция ва АҚШ Ливанда 21 кунлик сулҳ устида ишлаяпти
Олам
−
26 Сентябрь
1840Америка Қўшма Штатлари ва Франция Исроил ва Ливан ўртасида шошилинч 21 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича қўшма чақирув эълон қилди. Бу ҳақда Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Баррот БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Франция илтимосига кўра ташкил этилган, Ливандаги вазиятга бағишланган фавқулодда йиғилишида сўз очди.
“Уруш муқаррар эмас. Дипломатик ечим мумкин”, деди Баррот.
Вазирнинг айтишича, Париж америкалик ҳамкорлари билан биргаликда Ливанда вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш келишувини ўрнатиш устида ишламоқда. У келишув тафсилотлари тез орада оммага эълон қилинишини айтди ва ҳар икки томонни ҳам уни кечиктирмасдан қабул қилишга чақирди. Барро, шунингдек, маҳаллий етакчилар билан музокаралар ўтказиш учун шу ҳафта охирида Байрутга боришни режалаштираётганини айтди.
Қўшма Штатлар ва Франция, ва бошқа саккиз давлат томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда, зўравонлик кучайишини тўхтатиш ва дипломатияга йўл очиш учун Исроил ва Ливан ўртасида шошилинч 21 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича қўшма чақирув эълон қилди.
Оқ уй баёнотида айтилишича, АҚШ ва Франциянинг Исроил-Ливан чегарасида ўт очишни тўхтатишга чақиришига Европа Иттифоқи, Австралия, Канада, Германия, Италия, Япония, Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари рози бўлган. Қўшма баёнотда 2023 йил 8 октабрдан бери Ливан ва Исроил ўртасида давом этаётган вазиятни қабул қилиб бўлмаслиги ва минтақавий тарангликнинг кучайиши хавфи борлиги, бу на Исроил, на Ливан халқи манфаатларига тўғри келмаслиги таъкидланади. Баёнотда, шунингдек, ҳар икки томондан тинч аҳолининг уйларига қайтишига имкон берувчи дипломатик келишув вақти келганига ишора қилинади.
“Кучли вазиятда дипломатия муваффақият қозона олмайди. Шунинг учун биз дипломатияга йўл очиш учун Исроил-Ливан чегарасида 21 кунлик зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Баёнотда Исроил ва Ливан маъмуриятларини БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-сонли резолюциясига мувофиқ ушбу вақтинчалик ўт очишни тўхтатишни қўллаб-қувватлашга чақирилади.
“The New York Times”нинг расмийларга таяниб хабар беришича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларининг Исроил ва Ливан чегарасида ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифи “яқин соатларда” қабул қилиниши мумкин. Расмийларнинг сўзларига кўра, Исроил ва Ливан яқин орада ўт очишни тўхтатишга олиб келиши мумкин бўлган музокараларни қўллаб-қувватлаётгани аломатлари бор.
Расмийлардан бири дипломатлар ҳар икки давлат билан музокаралар ўтказганини таъкидлади ва уларнинг ҳукуматлари вакиллари “яқин соатларда” таклифни қабул қилишига умид билдирди.
“Ҳизбуллоҳ”дан таклифни қабул қилиш расман талаб қилинмайди. Аммо исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган расмийларнинг айтишича, агар Ливан ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, унинг ҳукумати “Ҳизбуллоҳ” 21 кун давомида унга амал қилишини таъминлаши керак.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” янги босқичи Ливанда 17 ва 18 сентябрь кунлари бир қатор алоқа қурилмалари портлашидан сўнг бошланди. Ливан ҳаракати портлашларни уюштирганликда Исроилни айблади, унинг расмийлари воқеа ҳақида тўғридан-тўғри изоҳ бермади, бироқ шимолий йўналишда ҳарбий амалиётлар фаоллашганини эълон қилди.
Шундан сўнг Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливан жанубидаги чегара ҳудудларига катта зарбалар беришни бошлади ва 20 сентябрь куни Байрутга ҳужум қилиб, у ердаги “Ҳизбуллоҳ” ҳарбий қанотининг 16 нафар қўмондони йўқ қилинди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил мудофаа кучлари Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши қуруқликдаги операцияни тайёрлаётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси