Ливан Исроил устидан БМТга шикоят қилмоқчи
Олам
−
07 Апрель 2023
4856Ливан Исроил мудофаа кучларининг мамлакат жанубий ҳудудларига берган зарбалари юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига шикоят билан мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ливан Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз борди.
Ҳужжатга кўра, Ливаннинг БМТдаги миссияси Ташқи ишлар вазири Абдулла Буҳабиб номидан Исроилнинг мамлакат жанубий ҳудудларига қасддан зарба бергани юзасидан Хавфсизлик Кенгашига расмий шикоят билан мурожаат қилмоқчи.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ҳужумлари Ливан суверенитети ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюциясини очиқдан-очиқ бузиш эканлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, 2006 йилнинг августида қабул қилинган 1701-резолюция Ливан ва Исроил ўртасидаги чегарада барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 апрель куни, Исроил томонидан Ал-Ақсо масжидида қилинган ножўя ҳаракатларга жавобан Ливан ҳудудидан Исроилга камида 10 та ракета учирилганди. Сўнг Исроил мудофаа кучлари ҳам Ливан жанубидаги Тир шаҳри яқинида жойлашган Эл-Клейла қишлоғини ўққа тутганди. Ҳудудга камида 15 та ракета учирилганди. Бугун, 7 апрелга ўтар кечаси эса Исроил яна Ливанга зарба берганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь