Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий ҳаракатларини тақиқлади
Олам
−
02 Март 3023 2 дақиқа
Бугун, 2 март куни Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий ҳаракатларини тақиқлади. Қарор гуруҳ Исроилга дрон ва ракета зарбалари берганидан сўнг қабул қилинган. Ҳужум Эрон Олий раҳбари ўлдирилганига “қасос” сифатида изоҳланган ва бу ҳодиса минтақа бўйлаб кескинликни янада кучайтирган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Исроил жавоб тариқасида Байрут жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” назоратидаги туманларга ва Ливаннинг бошқа ҳудудларига кучли ҳаво зарбалари берган. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, камида 31 киши ҳалок бўлган. Можаро АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбалари ортидан Теҳрон томонидан амалга оширилган жавоб ҳужумлари билан бир пайтда авж олмоқда.
1982 йилда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кўмагида тузилган “Ҳизбуллоҳ” баёнотида ҳужум “Эрон Олий раҳбарининг пок қони учун қасос” экани айтилган. Исроил эса эскалация учун гуруҳни жавобгар деб билиб, унинг етакчиси Наим Қосимни “йўқ қилиш нишони” деб эълон қилган.
Вазирлар Маҳкамаси йиғинидан сўнг Бош вазир Наваф Салом “қонуний институтлар доирасидан ташқари” ҳар қандай ҳарбий ҳаракатни рад этишини билдирган. Уруш ва тинчлик ҳақидаги қарор фақат давлат қўлида бўлиши кераклиги урғуланган.
Салом баёнотига кўра, бу қарор “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий фаолиятини зудлик билан тақиқлашни, шунингдек унинг қуролларини давлат ихтиёрига топширишни талаб қилади. Бу қадам Теҳрон қўллаб-қувватлаётган гуруҳ билан муносабатларда янги ички тарангликни келтириб чиқариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроилнинг Ҳайфа шаҳри атрофига кенг кўламли зарбалар йўллагани ва қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани ҳақида хабар берилган эди.