“Лезвие билан қорнини ва қўлларини 3-4 маротаба тилган”. Қамоқхонада суиқасд бўлганига муносабат билдирилди

Жамият

image

Қашқадарёдаги қамоқхонада 19 ёшли йигит ўз жонига қасд қилгани, буни колония ходимлари томоша қилиб тургани ҳақида хабар берилганди. Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти ҳолат бўйича батафсил маълумот берди.

Маълум қилинишича, маҳкум Жасур Деҳқонов 2002 йил Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида таваллуд топган. Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми, 109-моддаси 2-қисми, 112-моддаси 1-қисми билан судланган, ҳозирда 166-моддаси 2-қисми билан судланиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Жорий йилнинг 16 июнидан Қашқадарё вилоятидаги 35-сон манзил колониясида жазо муддатини ўтаб келмоқда. Ушбу манзил колониясига келган кунидан бошлаб унга муассада ўрнатилган ички тартиб қоидалар ёзма равишда таништирилган.

Колониянинг шифокорлик пунктида бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилганида, маҳкумда “Ўтказилган бош мия жароҳатидан кейинги ҳолат” (анамнези) мавжудлиги аниқланиб, диспансер назоратига олинган.

Шунингдек, психологларнинг бирламчи суҳбат хулосасида, маҳкум Ж.Деҳқонов негатив ҳулққа эга экани, бошқалар билан бўлган муносабатларда ўзини бошқара олмаслиги, ахлоқ қоидаларига зид келадиган ҳаракатлар содир этишга мойиллиги, тартиб қоидаларга риоя этмаслиги, хиссиётини жиловлай олмаслиги қайд этиб ўтилган.

“Ижтимоий тармоқларда тарқаган хабарларда, маҳкум Ж.Деҳқонов томирларини кесиш йўли билан ўз жонига қасд қилгани кўрсатиб ўтилган.

Ҳолат юзасидан Қарши махсус прокуратурасининг текширувига кўра, мазкур хабар хақиқатга мос келмаслиги аниқланган”, дейилади департамент хабарида.

Маҳкум Ж.Дехқонов, жорий йилнинг 20 август куни 35-сонли манзил колониясида жойлашган озиқ-овқат дўконида махсулот харид қилиши вақтида шу дўконга кириб келган колония ходимлари А.Н.Тўлаганов ва Х.У.Йўлдошевни кўриб, уларга “сенлар мени ортимдан кузатиб юрибсанларми”, деб эътироз билдирган.

Шу пайт ходимлар томонидан маҳкум Ж.Деҳқонов тартибга чақирилган. Лекин унинг салбий хатти-ҳаракатлари ортидан ўртада ўзаро келишмовчилик юзага келган ва ўзига нисбатан жазо чораси қўлланиши мумкинлигидан қўрқиб, дўкондан харид қилган соқол олиш учун мўлжалланган олмос бўлаги (лезвие) билан қорнини ва қўлларини 3-4 маротаба тилган. Экспертиза хулосасига кўра ўзига “енгил шикаст” кўринишида тан жароҳати етказган.

Шунингдек, департамент маҳкум Ж.Деҳқоновнинг “лезвия билан томирларини кесаётганини қамоқхона ходимлари шахсий телефонига видеога олиб турган. Устидан кулиб, изза қилишган”лиги ҳақидаги маълумотга ҳам изоҳ берган.

“Мазкур ҳолат акс эттирилган видеолавҳа бирор бир ижтимоий тармоқлардан аниқланмади, шунингдек ходимлар томонидан ғайриқонуний ҳатти ҳаркатлар содир этилганлиги ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлди”, дея таъкидланган.

Ҳозирда Қарши махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари давом эттирилмоқда.

Маълумот ўрнида, қамоқхонадаги ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳам муносабат билдириб, Қарши махсус прокурори томонидан колония ходимларига нисбатан иш очилганини рад қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

қамоқхона Қарши

Баҳолаганлар

404

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг