Лавров ва Ароқчи Суриядаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
30 Ноябрь
2680Бугун, 30 ноябрь куни Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи россиялик мавқедоши Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари хабар берди.
Суҳбат чоғида ҳар икки томон Сурияда қуролли гуруҳлар томонидан Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида содир этилган террорчилик ҳужуми муносабати билан вазиятнинг хавфли кескинлашувидан хавотир билдириб, Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашларини тасдиқлади.
Вазирлар Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш ва вазиятни Остона формати доирасида зудлик билан ҳар томонлама кўриб чиқиш зарурлиги тўғрисида келишиб олди. Маълумки, Суриядаги фуқаролар урушини тугатиш мақсадида 2017 йилнинг 23-24 январь кунлари Россия, Туркия ва Эрон ташаббуси билан Остона шаҳрида тинчлик музокаралари бўлиб ўтган.
“Вазирлар мазкур масалани Остона жараёни доирасида давом эттириш ва Исломий кучлар ўртасидаги мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади. Эрон Республикаси, Россия ва Туркия учта кафил давлат сифатида бу жараённи муҳим деб билишади”, дейилади Эрон ТИВ баёнотида.
Ароқчи терроризмнинг даҳшатли ҳодисасига қарши курашишда халқаро ҳамжамият масъулиятини эслатиб, террористик гуруҳларнинг Суриядаги сўнгги ҳаракатларини Исроил ва АҚШнинг вазиятни беқарорлаштириш режасининг бир қисми деб атаган.
Маълумот учун, 2011 йилда бошланган Суриядаги фуқоролар уруши пайтида кенг курашлар ва босимларга қарамай Сурия раҳбари Башар Асад ўз ҳокимятини сақлаб қолган эди. Асаднинг кучлари мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида назоратни тиклади, аммо баъзи ҳудудлар ҳали ҳам Асадга мухолиф гуруҳларнинг қўлида қолган эди.
Сўнги кунларда Суриядаги жангари исломий гуруҳлар ҳаракатга кела бошлади. Хусусан “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” (ҲТС) жангари гуруҳи ва унга иттифоқчи гуруҳлар жорий йилнинг 27 ноябрь кунидан бери Ҳалаб ва Идлиб вилоятларидаги бир қатор шаҳар ва қишлоқлар устидан назоратни қўлга киритгани маълум қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Анқаранинг Сурия армияси ва Суриянинг Идлиб ва Ҳалаб вилоятларидаги ҳукуматга қарши тузилмалар ўртасидаги жангларга алоқаси йўқлигини айтганди.
Диёржон Қувондиқов
LiveБарчаси