Кутилмаган қарор: Туркия Украинанинг илтимосини рад этди
Олам
−
25 Февраль 2022
69992Расмий Анқара Украинанинг Қора Денгиз бўйлаб Россия ҳарбий кемаларининг ўтказишга йўл қўймаслик борасидаги илтимосини рад этди. Туркия Ташқи ишлар вазири мамлакат ўз ҳудудидаги бўғозлар орқали Қора Денгизга кирувчи рус ҳарбий кемаларига тўсқинлик қила олмаслигини маълум қилган.
Жорий йил 24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида эълон берганидан сўнг, расмий Киев Туркиядан мамлакатдаги Дарданел ва Босфор бўғозларини рус кемалари учун ёпишини сўраган. Киев бу икки асосий бўғоз орқали Россия Украинага ҳужум уюштиришидан хавотирда.
Билдирилишича, Россия ҳарбийлари аллақачон Украина ҳудудидаги Азов ва Қора денгиз қирғоқларини эгаллашга улгурган.
1936 йилдаги Монтрё конвенцияси бўйича Туркия бўғозлар устидан назоратни қўлга киритган ва уруш пайтида ёки хавф туғилганда у орқали ҳарбий кемаларнинг ўтишини чеклаш ҳуқуқига эга.
Кеча, 24 февраль куни Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлининг билдиришича, Анқара ҳозирда Украинанинг талабини ўрганиб чиқмоқда. Аммо, Монтрё конвенциясига кўра, Қора денгизда чегара ҳудудига эга Россия ушбу икки бўғоз орқали ўз кемаларини ҳаракатлантириб, уларни рус ҳарбий базасига қайтариш ҳуқуқига эга.
Вазирга кўра, агар Туркия Украинанинг талабини маъқуллайдиган бўлса, рус кемалари учун ушбу бўғозлар орқали бошқа йўналишларга ҳаракатланиши тақиқланади, аммо уларнинг денгиз бўйлаб ўз ҳудудига қайтиши учун тўсқинлик қилишнинг иложи йўқ.
"Агар урушда иштирок этаётган давлатлар кемаларини ўз ҳарбий базаларига қайтаришни сўрашса, бунга рухсат бериш керак", деган Чавушўғли.
Шунингдек, Чавушўғли Анқаранинг Россияга қарши иқтисодий санкциялар қўллаш ниятида эмаслигини яна бир бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Европа Иттифоқини Украинанинг тарафини олишда амалаий ҳаракат қилмаётгани учун танқид қилганди. У ғарбни қуруқ насиҳат қилмасдан, амалий ёрдам кўрсатишга чақирган.
LiveБарчаси