Кушербоевга босим бўляптими? Депутат изоҳ берди
Жамият
−
12 Май 2020
23392Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Олий Мажлис Қонунчилик депутати Расул Кушербоевга босим бўлаётгани билан боғлиқ хабарлар тарқалди.
Депутатнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабарлар ва видеоматериал муаллифининг мурожаатлари юзасидан муносабатини билдирди.
“Янгийўллик тадбиркор видеода баён этган ҳолатлар, ер участкаси билан боғлиқ вазият ва бошқа ишлар бўйича айрим прокуратура масъулларининг менга айблов уюштириш, мажбуран кўрсатма олишга уринишлари ҳақида фуқаролар томонидан менга ҳам мурожаатлар бўлган ва уларни имкон даражасида ўрганганман.
Ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқий бахо бериш, депутат фаолияти, ўзи ва оиласи дахлсизлиги билан боғлиқ кафолатларни тўлиқ таъминлаш юзасидан тегишли юқори идораларга мурожаат қилганман.
Умид қиламанки, барча ҳолатлар ҳеч қандай таъсирларсиз холис ўрганилиб, ҳуқуқий бахо берилади, депутат дахлсизлиги, шаъни ва ишчанлик обрўси таъминланади.
Эслатма учун депутатнинг одамларга, тадбиркорларга ҳуқуқий кўмак бериши, мулоқот қилиши, дўстларга эга бўлиши, халқ дардини эшитиб ҳар қандай вазиятда ҳам фуқароларнинг ёнини олишга уриниши қонунбузарлик бўлиши мумкинмас. Бу фақат айрим нопок шахсларнинг дунёқараши холос.
Бўлаётган ишлардан қаттиқ хафаман. Барчага эътибор ва маънавий қўллов учун раҳмат!”, деган Расул Кушербоев.
Таъкидлаш жоизки, Расул Кушербоев халқ орасида анчайин фаол ва юз бераётган ҳодисаларга тезда муносабат билдириши билан яхши таниш. У Ички ишлар вазирлиги ва наманганлик депутат ҳамда ИИВ ва Юлдуз Усмонова билан боғлиқ вазиятларда ҳам ўз муносабатини билдириб чиққанди.
LiveБарчаси