Кушербоев январь ойи учун кредит тўловларини чўзишни таклиф қилди
Жамият
−
18 Январь 2023
16043Собиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев январь ойи учун кредит тўловларини узайтиришни таклиф қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида шу кунларда банклардан кредит ҳисобига тирикчилик учун автомобиль, ишлаб чиқариш, маиший техникаларни олган кўплаб фуқаролардан мурожаатлар келаётганини маълум қилди.
Унинг қайд этишича, мурожаатчиларнинг аксарияти аномал совуқ оқибатида газ, электрдаги чекловлар ва ноқулай об-ҳаво туфайли нормал фаолият олиб бора олмаётганини ва шу сабабли январь ойи кредитини тўлаш имконияти йўқлигини билдирган.
“Марказий банк бу масалани ўрганиб, пандемия вақтида бўлгани каби барча тижорат банкларига кредит тўловида январь ойи учун кредит таътили бериш ёки бошқа муддатга чўзиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши зарур бўлади. Ўз ўрнида тижорат банклари ҳам вазиятни холис баҳолаб, кредит тўловчиларга январь ойи тўлови учун шундай имтиёз беришса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деб ёзади Кушербоев.
Шунингдек, ушбу кредит тўловларини узайтириш таклифи юзасидан сўровнома ҳам ўтказилган. Сўровномада кўпчилик ушбу таклифни ёқлаб чиққан.
“Бу ҳам қийин вақтларда одамларимиз учун бир енгиллик, қўллаб-қувватлаш бўлади”, дейди собиқ депутат.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 23 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев депутатлик фаолиятини ўз хоҳиши билан якунлаганди.
LiveБарчаси