Ҳокимлар қандай қарор чиқаришни истаса, “қонунга тўғри келади”... – Кушербоев

Жамият 9452
image

Сўнгги вақтларда ҳокимликлар ёки Халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари асосида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулкларни давлат ва жамият эҳтиёжи сифатида бузиб ташланиши ҳолатларидан норози бўлиб мурожаат қилувчилар сони кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.

Депутатга кўра, бу борада Сурхондарё вилоятининг Ангор, Жиззахнинг Бахмал,  Фарғонанинг Учкўприк, Тошкент вилоятининг Зангиота, Қуйичирчиқ, Бўстонлиқ туманлари ҳозирча етакчилар қаторида бўлиб турибди.

Кушербоев ҳокимлар ерга эгалик ҳуқуқини бекор қилаётганда қонунга амал қилмаётганини ачиниш билан айтиб ўтган. Бу борада қонунчилик нима дейишига ҳам эътибор қаратган.

“Кўп ҳолларда ҳокимликлар томонидан фуқароларга тегишли кўчмас мулкларни бузиш ёки эгалик ҳуқуқини бекор қилишда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этилмаяпти. Хусусан, ушбу қонуннинг 59-моддасида “манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади. Агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим” деган қоидага кўра, кўчмас мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи бор фуқароларнинг мулкларини бузиш ҳақида ҳокимликлар ўз ташаббуси билан қарорлар қабул қилишга ҳақли эмас. Фуқаронинг эгалик ҳуқуқига доир ҳужжатга ишончини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан мазкур ҳолатда иш фақат суд томонидан кўриб чиқилиши керак.

Ушбу қонуннинг 16-моддаси ишончнинг ҳимоя қилиниши принципидан иборат бўлиб, унга асосан виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланади. Ва қонуннинг 19-моддасига асосан маъмурий ҳужжатлар ва  маъмурий ҳаракатлар маъмурий тартиб-таомилларнинг принципларига мувофиқ бўлиши керак”, дейди халқ вакили.

Кушербоев қонунчиликда нима дейилганини эслатгач, барча даражадаги ҳокимликлардаги ҳурматли юристларга мурожаат қилиб, шундай дейди: 

“Ҳокимлар қандай қарор чиқаришни истаса “қонунга тўғри келади”, деб қўл қўявермасдан ҳеч бўлмаса ушбу қонун талабларини риоя этилишини таъминлашлари керак”.

Бундан ташқари, депутат жойларда ташкил этилган адлия бўлимлари ҳам фуқароларнинг ер ва кўчмас мулкка доир ҳуқуқлари билан боғлиқ сўнгги йиллардаги ҳокимларнинг қарорларини таҳлил қилиб, зарур кўрсатмалар бериб боришса мақсадга мувофиқ бўлишини қўшимча қилган.

“Зеро, қонунлар ишламаса жамият парокандаликка, мамлакат эса таназзулга юз тутади”, дея сўзини якунлаган депутат.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 202
Рейтинг: 3
t
×