“Кўп одамни йўқотиб қўярдик”. Президент Бухородаги офатга муносабат билдирди
Жамият
−
29 Апрель 2020
10298Бухоро вилоятининг табиий офатдан зарар кўрган Қоракўл ва Олот туманларини тиклаш учун барча турдаги ёрдам кўрсатилади. Асосийси одамларнинг ваҳимага тушишига йўл қўймаслик керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мизиёев Олот тумани марказида маҳаллий аҳоли вакиллари, фаоллар билан учрашув вақтида айтиб ўтди.
“Ҳеч қандай зарар бўлмайди. Энг катта нарса ваҳимага тушмасдан, саранжом бўлиб, одамларимизни сақлашимиз керак. Шунинг учун эҳтиёт бўлиб, ўзимизнинг ҳар кунлик ишимизда давом этишимиз керак. Худога шукр. Худонинг ўзи асрагани – агар бу воқеа кундузи бўлганида, кўп одамни йўқотиб қўярдик. Одамлар саросимага тушиб қоларди. Кечаси одамлар ичкарида бўлгани учун одам йўқотмадик.
Фақат фуқаро Ашуров — жойи жаннатдан бўлсин — у ҳам электр билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этган; фарзанди тирик”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президент барча ёрдамни кўрсатишини айтиб, оқсоқолларни бардам бўлишга чақирди. Олот туманида зарар кўрган аҳоли хонадонларини тиклаш учун ҳам ёрдам кўрсатилишини айтди.
“Мен ҳамма куч, восита ва маблағларни бераман янгиланиб оламиз. Қоракўл туманини янги қилган эдик, Олотда ҳам мана шу эски шиферлар кетгани улуғ айём кунларда садақа бўлсин. Ҳаммасини янгилаб бераман”, деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, табиий офат натижасида Бухорода 31 киши жабрланиб, бир киши ҳалок бўлди. Бунан ташқари, кўплаб объектларга ва аҳоли хонадонларига зарар етди. Шавкат Мирзиёев вазият билан шахсан танишиш учун Бухорога бориб келди.