Кунлар совиб, қор ёғиши коронавирус тарқалишини тезлаштирадими?
Жамият
−
18 Ноябрь 2020
17791Ўзбекистонга кириб келган совуқ ҳаво оқими пандемия шароитида касалланиш хавфини ошириши юзасидан мулоҳазалар пайдо бўлмоқда.
Бундан фикрлар пайдо бўлиши бежимас. Айни пайтда Европа давлатлари коронавирус инфекциясининг янги тўлқини билан курашмоқда. Туркияда кафе ва ресторанлар фаолияти тўхтатилди, қисман комендантлик режими жорий этилди.
Хўш, кунлар совиши Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолатга қандай таъсир қилиши мумкин? Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ССВ Матбуот хизмати Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаевага мурожаат қилди.
“Кунлар совиган сари сурункали, вирусли ва юқумли касалликлар қўзиши билан коронавирус касаллигининг ҳам мутацияси кучайиб бориши таъкидлаб келинмоқда. Бир йил олдинги коронавирус илк бор аниқланган вақт ҳам кузнинг охири ва қиш ойларига тўғри келган эди. Шундан хулоса қилиш мумкинки, ҳавонинг нам ва совуқ бўлиши вируснинг инсон организмига тушиш имкониятини кучайтириб беради. Совуқ ҳарорат инфекциянинг инсон организмидаги суюқлик таркибида кўпроқ яшаш имкониятини беради.
Яна шуни унитмаслик керакки, ташқи муҳит ҳарорати манфий даражага тушиши билан инсон организми ҳарорати пасайиши, иммун тизимининг кучсизланиши кузатилиши мумкин. Организмнинг совуқ қотган тўқималари ўз фаолиятини тиклаши учун кўп энергия керак бўлади. Инсон танасининг оқсиллар, углеводлар, витаминлар ва турли микроэлементларга эҳтиёжи ортади. Бу эса касалликка чалиниш эҳтимолини оширади. Шу сабабли бу мавсум кўп касалликлар қўзғаладиган давр ҳисобланади.
Организмда коронавирусдан ташқари бошқа касалликлар ҳам мавжуд бўлса, бу вирусни аниқлаш ва даволашда қийинчиликлар туғдиради. Коронавирусни бактериал инфекциялар ва бронхиал касалликлардан фарқлашда муаммолар пайдо бўлади”, деган Севара Убайдуллаева.
Мутахассис, шунингдек, бундай вазиятда коронавируснинг хавфини камайтириш бўйича тавсияларини ҳам билдириб ўтган.
“Бундай шароитда аҳолидан ўз иммун тизимини мустаҳкамлаш учун кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилиши, одамлар кўп тўпланадиган жойлардан иложи борича сақланишини сўраб қоламиз. Тиббиёт ниқоблари ҳозирда касалликдан ҳимояланишда энг самарали восита бўлиб турибди. Уларни мунтазам тақиб юриш талаб этилади. Шамоллаш аломатлари сезилган дастлабки кунларданоқ шифокорга мурожаат қилиш ва уни олдини олиш чораларини кўришни маслаҳат берамиз. Профилактика мақсадида кўпроқ томоқни чайиб туриш, С витамини билан тўйинган маҳсулотлар, шунингдек, наъматакли, лимонли ва бошқа гиёҳли дамламаларни мунтазам истеъмол қилиб туришни тавсия этамиз”, дея маслаҳат берган мутахассис.
Маълумот учун, 17 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 70 648 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 67 927 нафар соғайган ва 599 нафар вафот этган.
LiveБарчаси