Кулеба Россияни мажбурлашга чақирди
Олам
−
18 Июль 2023
14277Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба бугун, 18 июль куни бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия Федерациясини “дон келишуви”га қайтишга мажбурлаш ва очлик ўйинларини тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда “Интерфакс-Украина” хабар берди.
"Россия "дон шартномасини" ўлдирди. Бунинг бевосита оқибати озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархларининг ошиши бўлади. Бу, асосан, Африка ва Осиёдаги энг заиф мамлакатларга зарар етказади. Россия очлик ўйинларини тўхтатиши керак”, деган Украина ТИВ раҳбари.
Кулеба БМТга аъзо барча давлатларни Россиядан келишувда иштирок этишни давом эттиришни ва очлик ўйинларини тўхтатишни қатъий талаб қилишга чақирган. Вазирнинг айтишича, Россия Федерацияси сиёсатни глобал озиқ-овқат хавфсизлигидан узоқ тутиши керак.
Шунингдек, ТИВ раҳбари БМТ Хавфсизлик Кенгаши эътиборини Запорожье атом электр станциясининг Россия томонидан босиб олиниши таҳдидига қаратган.
“Расмий равишда такрор айтаман: Украина ҳеч қачон ўз мамлакатидаги атом электр станцияларида нохуш ҳодисалар келтириб чиқариш ниятида бўлмаган ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Запарожье АЭСда ҳар қандай ҳодисани келтириб чиқаришга қодир ва шундай мотиви бор ягона куч бу Россиядир. Биргаликда ҳаракат қилиб, Россия ёлғонларини фош этиш орқали биз уларнинг ғаразли режаларини амалга оширишнинг олдини олишга қодирмиз”, деган Кулеба.
Эслатиб ўтамиз, Россия томони бугун, 18 июлдан бошлаб дон йўлаги келишуви тўхтатилишини маълум қилганди. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Москванинг бу қарорини қоралади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унга ўхшаш лойиҳани уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборди.
LiveБарчаси