Кўчаларига ҳам кондиционер ўрнатилган давлатга Ўзбекистондан авиақатнов йўлга қўйилди
Бизнес
−
22 Август 2023
50882Энди Тошкентдан Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига тўғридан-тўғри авиярейс орқали бориш имконияти мавжуд. Кеча, 21 август куни Тошкент – Доҳа йўналишида илк парвоз амалга оширилди. Мазкур жараёнга QALAMPIR.UZ бевосита гувоҳи бўлди ва уни кадрларда муҳирлади.
Қайд этилишича, бу авиақатновлар EASYBOOKING ҳамда Centrum Air компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилади. 2008 йилдан буён фаолият юритиб келаётган EASYBOOKING компанияси авиачипталарни сотиб олиш, турлар ва трансферларни ташкил этиш, меҳмонхоналарни олдиндан брон қилиш каби замонавий хизмат турлари билан шуғулланиб келмоқда. Ўзбекистон туризм бозорининг етакчисига айланган компания хизматидан шу пайтга қадар 3 миллиондан ортиқ сайёҳатсеварлар фойдаланган.
Centrum Air эса Ўзбекистондаги энг ёш ва бюджетли авиакомпания ҳисобланади. У ўз фаолиятини 2023 йилда бошлаган, бироқ шу қисқа вақт ичида маҳаллий ва халқаро йўналишларда кўп парвозларни амалга оширган.
Нега айнан Қатар давлати танланди?
Қатар Арабистон ярим оролидаги Форс кўрфазига чегарадош кичик давлатдир. Мамлакатнинг умумий ер майдони 11,4 минг километр квадратни ташкил қилади. Иқлими тропик, қуруқ бўлиб, аҳолиси асосан маҳалий араблардан таркиб топган.
Қатар сайёҳлар учун энг яхши давлатлардан биридир. Чўл зонасида жойлашганига қарамай, у ерда сув спорти анча яхши ривожланган. Шунингдек, бу мамлакат дунёдаги энг узун – 33 километрли велосипед йўлаги, сунъий равишда ҳосил қилинган “The Pearl Qatar” ороли, роботлар бошқарувидаги от спорти ҳамда туялар пойгаси билан ҳам машҳур.
“Биринчи бўлиб айнан Қатарнинг Доҳа шаҳрини танладик, чунки шаҳар жуда чиройли. Биз айнан бу шаҳарда авиярейс очганимизда одамлар томонидан бу қадар катта қизиқиш билдирилишини ўйламагандик. Сайёҳларни ўзига жалб қилаётган яна бир томони, 2022 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг айнан шу шаҳарда ўтказилганидир”, дейди Centrum Air компанияси вакили.
Ҳақиқатдан ҳам 2022 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати дунё бўйлаб барча мамлакатлардан сайёҳларнинг Қатарга бўлган қизиқишини оширди. Пойтахт Доҳа саёҳатчилар учун қулай бўлиб, у ердан дунёнинг 150 дан ортиқ шаҳарларига тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириш мумкин. Шоппинг қилишни яхши кўрадиганлар учун ҳам бу давлат жуда кенг имкониятларни берган. Қўшимча қиймат ҳамда даромад солиғисиз маркали буюмлар, олтин ва электротехникани арзон нархда сотиб олиш мумкин.
EASYBOOKING компанияси маркетинг бўлими ходими Станислав Тан Яковлевнинг айтишича, айнан Қатар сайёҳларни ўзининг шаҳарсозлиги, архитектураси, табиий иқлими билан сайёҳларни жалб қилиб келмоқда.
“Қатарда ҳатто кўчалари кондиционерлар билан жиҳозланган. Айниқса, жаҳон чемпионатидан кейин шаҳар янада ривожланди, кўплаб ресторанлар, меҳмонхоналар қурилди. Қатар анча арзон давлат. Биз компаниямиз орқали бу йўналишдаги сайёҳлар учун анча имтиёзларни белгилаб қўйганмиз. Ёш болалар учун бепул виза ва бошқа имкониятлар, турли акциялар шулар жумласидан. Айнан шунинг учун биз Centrum Air билан ҳамкорликда Қатар давлатини танладик”, дейди Станислав Тан Яковлев.
Бу янгилик одамларга қандай имкониятларни беради?
Компаниялар тақдим этган маълумотга кўра, Қатарга саёҳат нархи 629 АҚШ долларидан бошланади. Бу бошқа йўналишларга қараганда анча арзон. Қатарда Ўзбекистон фуқаролари учун электрон виза амал қилади. Айнан EASYBOOKING ҳамда Centrum Air компаниялари томонидан ташкил қилинган рейслар орқали йўловчилари уни мутлақо бепул олишлари мумкин.
“Мисол учун, сиз Тошкентнинг ўзида бир ҳафталик сайёҳат учун 550 АҚШ доллари сарфлашингиз мумкин, лекин биз қарийб шу суммага Қатарни таклиф қиляпмиз. Бу орқали сиз янги бир давлатни кашф қилишингиз, янги маълумотлар олишингиз мумкин. Биз нафақат сизнинг хавфсиз бориб-келишингиз, балки меҳмонхонангиздан тортиб, шаҳар бўйлаб экскурсиянгиз ва бошқа масалаларга ҳам жавобгармиз. Ўртача 4 миллионга сиз тўрт юлдузли меҳмонхона, нонушта, бепул виза каби хизматлардан фойдаланишингиз мумкин. Бу каби арзон тур ҳали Ўзбекистонда йўқ, менимча. Агар сиз биз таклиф қилаётган махсус тур пакетлар орқали эмас, балки якка тартибда Қатарга йўл олсингиз биз айтган миқдор бир неча баравар ортиши аниқ”, дейди Станислав Тан Яковлев.