Кубатиннинг опаси ДХХни укасига тазйиқ ўтказганликда айблаб, Мирзиёевга шикоят йўллади

Жамият 12832
image

Тарихчи, шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова укасига нисбатан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилганини баён қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга шикоят йўллаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси Матбуот хизмати хабар бермоқда

Фуқаро Клара Сахарованинг Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган шикоятида 2017 йил 25 мартда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан укаси Андрей Кубатинга нисбатан Жиноят кодексининг 157-моддаси (Давлатга хоинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов давомида Андрей Кубатинга ДХХ ходимлари томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилиши натижасида у ўзи содир қилмаган жиноятига иқрор бўлгани, 2017 йил 1 декабрда эса Республика Ҳарбий суди ҳукмига асосан ЖКнинг 157-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан махрум қилингани ҳақида баён этилган. 

Шунингдек, шикоятда Клара Сахарова Андрей Кубатин 2019 йил 26 сентябрда жиноят ишлари буйича Тошкент вилояти суди томонидан оқланиб, озодликка чиқарилгани, 2020 йилда эса COVID-19 вируси билан касалланиб, 2020 йил 27 октябрь куни вафот этганини таъкидлаб, укасига нисбатан тергов жараёнида руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказган ДХХ ходимлари ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини сўраган.
 
Аниқланишича, мазкур мурожаат юзасидан жорий йил 9 февраль куни ДХХ тергов бошқармаси томонидан ушбу тергов ҳаракатларида қатнашган ДХХ ходимлари ҳаракатлари қонунийлигини ҳар томонлама ўрганиб чиқиш мақсадида терговга қадар текширув ўтказилган. 

Иш материаларидан маълум бўлишича, Андрей Кубатин 2017 йилнинг 10 апрелидан 2017 йил 14 сентябрга қадар тергов ҳибсхонасида сақланган. 

Ҳибсхонага жойлаштириш ва чиқиб кетаётган вақтида унинг баданида жисмоний жароҳатлар кузатилмаган, у соғлиғи бўйича ҳеч қандай шикоят билан мурожаат қилмаган ва унинг соғлиғи, руҳий ҳолати мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган. 

Шунингдек, терговга қадар текширувда ушбу жиноят иши қонун доирасида ўтказилганлиги хамда фуқарога ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилмаганлиги аниқланиб, натижасига кўра жиноят ишини кўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Бош прокуратура хабарига кўра, марҳум Андрей Кубатинга нисбатан тўпланган терговга қадар текширув материаллари Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан назорат  тартибида ўрганилиб, жиноят ишини кўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарорни бекор қилиш учун асослар топилмаган.

Эслатиб ўтамиз, тарихчи, шарқшунос олим Андрей Кубатин 2017 йилда ҳарбий суд томонидан Ватанга хиёнат қилишда айбдор деб топилиб, 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

2019 йил 26 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди турколог ва тарихчи олим Андрей Кубатинни оқлаш ҳақида қарор чиқарди. 35 ёшли Андрей Кубатин иши ҳуқуқ фаоллари ва илмий жамоатчилик ўртасида норозиликларга сабаб бўлди.

Андрей Кубатин 2020 йилнинг 29 октябрь куни коронавирус асоратларидан вафот этди.

Аввалроқ, Бош прокуратура Андрей Кубатиннинг ўлими бўйича жиноий иш очишни рад этган эди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 373
Рейтинг: 3
t
×