“Крокус теракти” тергови қачон тугаши маълум бўлди
Олам
−
18 Июнь
11853Россиянинг Москва шаҳри яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган теракт иши бўйича тергов қачон тугаши ҳақида дастлабки тахминлар пайдо бўлди. Бу ҳақда айбланувчилардан бирининг адвокати маълум қилди.
Ҳимоячининг берган интервьюсига кўра, мамлакатнинг тергов органлари тез орада жараённи якунлайди ва 2024 йилнинг август ойида иш кўриб чиқиш учун судга юборилади.
“Бу иш бўйича тергов ҳаракатлари яқин кунларда якунланади, шундан сўнг иш материаллари кўриб чиқиш учун жорий йилнинг август ойидан кечиктирмай судга топширилади. Эҳтимол, ишни Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди кўриб чиқади”, дейди адвокат.
Шунингдек, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш ва эътиборсизлик ҳолатлари алоҳида иш юритишга ажратилиб, улар якка тартибда кўриб чиқилади.
Маълумот учун, “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт жорий йилнинг 22 март куни содир бўлган – қуролли шахслар концерт залига бостириб кириб, одамларга қарата ўқ узишни бошлаган. Улар бинога ўт қўйиб, қочиб кетган. Теракт оқибатида 145 киши ҳалок бўлди, 550 дан ортиқ киши жароҳатланди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИДнинг “Вилояти Хуросон” гуруҳи ўз зиммасига олди. Жами 20 нафар шахсга нисбатан жиноят иши очилиб, айбланувчи сифатида уларнинг 18 нафарига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Қолган 2 нафарига эса яшаш жойини тарк этмаслик мажбурияти юкланган.
Бундан ташқари, терактдан кўп ўтмай, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 293-моддаси (бепарволик)га кўра, “Крокус” ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи ва ушбу объектдаги ёнғин хавфсизлиги учун масъул шахсга нисбатан айблов эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия “Крокус” терактини фош қилишда Ўзбекистондан ёрдам олаётгани айтилганди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников эса терактдан мақсад МДҲдаги муносабатларни бузиш бўлганлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон шу йилнинг 9 май куни Путин билан бўлган суҳбатда теракт Тожикистон имижига жиддий путур етказганини айтганди.
LiveБарчаси