“Крокус” теракти: Москва суди 12 нафар гумонланувчининг ҳибсда қолиш муддатини узайтирди
Олам
−
18 Май
5452Москванинг Басманний суди “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган теракт иши бўйича яна тўрт нафар гумонланувчини ҳибсга олиш муддатини уч ойга узайтирди. Бу ҳақда Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати хабар берди.
Аминхон, Диловар ва Исроил Исломовлар ҳамда Алишер Қосимовларнинг ҳибсга олиш муддати 22 августга қадар узайтирилди. Уларнинг ҳибсга олиш муддати 22 май куни тугаган эди.
Бир кун аввал суд иш бўйича саккиз нафар айбланувчи, жумладан, терактнинг бевосита қатнашчилари деб гумон қилинаётганларни ҳибсга олиш муддатини ҳам 22 августга қадар узайтирган.
Исломовлар Жиноят кодексининг 205-моддаси (террорчилик ҳужуми) 3-қисми “б” банди билан айбланмоқда. Уларга умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Уларнинг учаласи ҳам ҳужумдан бир неча кун ўтиб, 25 март куни ҳибсга олинган. Айбланувчилар ҳибсга олиниши юзасидан апелляция беришга ҳаракат қилган, бироқ бу натижа бермаган.
Аминхон ва Диловар Исломовлар ака-ука, Исроил Исломов уларнинг отаси. Терговнинг фикрича, уларнинг учаласи ҳам теракт тайёрлашда ёрдам берган. Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикиннинг таъкидлашича, Исломовлар оиласи ҳужум қилганларга яшаш учун квартира ва машина тақдим этган, шунингдек, пул ҳам олиб кетган.
Айблов томонига кўра, гумонланувчи Алишер Қосимов Авито хизмати орқали теракт содир этганлардан бирига квартирани ижарага берган.
Маълумот учун, “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт жорий йилнинг 22 март куни содир бўлган – қуролли шахслар концерт залига бостириб кириб, одамларга қарата ўқ узишни бошлаган. Улар бинога ўт қўйиб, қочиб кетган. Теракт оқибатида 145 киши ҳалок бўлди, 550 дан ортиқ киши жароҳатланди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИДнинг "Вилояти Хуросон" гуруҳи ўз зиммасига олди.