“Крокус”да ишлаган барча хорижликларнинг терактга алоқадорлиги текширила бошланди
Олам
−
17 Апрель
5375Россия Тергов қўмитаси “Крокус Сити Ҳолл” концерт залининг барча хорижлик ходимларининг терактга алоқадорлигини текширмоқда. Бу ҳақда “Baza” Telegram-канали хабар берди.
“Baza”нинг аниқлик киритишича, Россия Тергов қўмитаси раҳбарияти терговчиларга “Крокус”да ишлаётган барча хорижликларни қайта сўроқ қилиш ҳақида кўрсатма берган.
Шунингдек, Тергов қўмитаси ходимлари муҳожирларнинг Россияда қанча вақт бўлганини ва қандай шароитда концерт залида ишга жойлашганини аниқлаши керак бўлади.
Қайд этилишича, асосан Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон фуқаролари текширилади.
Манбага кўра, дастлабки сўроқ пайтида терговчилар “Крокус”да ишлаган кўплаб хорижликлар мамлакатда ноқонуний бўлиши мумкинлигини аниқлаган ва миграция қонунчилигини бузган ҳолда ҳужжатларни олган.
Москва вилоятидан мигрантларга уй-жой ижарага берган уй эгалари ҳам Тергов қўмитаси вакилларининг саволларига жавоб бериши керак бўлади.
Маълумот учун, 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл”нинг концерт залида бир гуруҳ қуролланган шахслар отишма бошлаган, кейин эса ўт қўйган. ИШИДнинг "Вилоят Хуросон" номли ячейкаси ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Россия расмийлари теракт ортида Украина турганини даъво қилмоқда. ФХХ дастлаб терактга алоқадорликда гумон қилинган 11 кишини қўлга олганини маълум қилди. Ҳибсга олинганлардан тўрт нафари Тожикистон фуқароси ҳақида хабар берилди. ФХХ 31 март куни Доғистонда теракт тайёрлашда гумон қилинган тўрт нафар хорижликни қўлга олди. Ҳибсга олинганлардан бири теракт иштирокчиларига қурол ва пул берганини айтди.
Сўнгги маълумотларга кўра, фожиа қурбонлари сони 144 нафарга етган, 551 киши жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Москва суди "Крокус" концерт залига ҳужум қилишда айбланган яна бир Тожикистон фуқароси Ёқубжон Юсуфзодани ҳибсга олганди. Кейинчалик ФХХ ходимлари Москва, Екатеринбург ва Омск шаҳарларида терактга алоқадорликда гумон қилинган уч нафар шахсни қўлга олди.