Криминоген спорт дайжести

Таҳлил

Қўлга олинган Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, қидирувда дейилаётган Профессионал бокс федерацияси вице-президенти, фоҳишахоналар мижозлари рўйхатидан номи топилган таниқли спортчи ва бошқа бир қатор муҳим мавзулар бугун диққат марказида. Ассалому Алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести

Тошкентда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида ўтказилган тадбирлар давомида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинди. 

Айни вақтда ижтимоий тармоқларда ва жамоатчилик орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Салим Абдувалиевга нисбатан қандай айб қўйилаётгани ва айблов суд томонидан тасдиқланса қандай жазо олиши мумкинлиги муҳокама қилинмоқда. 

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, 1950 йилда туғилган Салим Қирғизбоевич Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-модда (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 1-қисми (Тегишли лицензияларсиз ёки рухсатномаларсиз ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, шунингдек портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш) бўйича гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган.

Агар тергов жараёни якунланиб, иш судга оширилиб, Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида баён этилган жиноятни содир этгани тасдиқланса, у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача (1 декабрдан амалдаги БҲМ бўйича – 17 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

ЖКнинг 15-моддаси (Жиноятларни таснифлаш) талабларидан келиб чиқилса, ЖКнинг 248-моддаси 1-қисми унча оғир бўлмаган жиноят ҳисобланади.

ЖКнинг 50-моддаси (Озодликдан маҳрум қилиш)да эса  қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо қонунчиликка мувофиқ ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

Тошкент шаҳар ИИББ жорий ҳафтада “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидагламович Саидалиев, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, “Бузрук” номи билан танилган Бузрук Бузруков қўлга олинганини эълон қилди.

Ижтимоий тармоқлар ва одамлар орасида Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вице-президенти – Халқаро бокс кенгаши (WBC) олий кенгаши аъзоси Ғофур Раҳимов қидирувга берилгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ушбу маълумотни тасдиқлатиш учун ички ишлар органларидаги манбаси билан боғланди. 
Манбанинг маълум қилишича, Ғофур Раҳимов ҳақида тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатдан йироқ, у қидирувга берилмаган. 

Тармоқда айтилаётган гапларга қараганда, Раҳимов Ўзбекистонни тарк этган ва қидирилмоқда. QALAMPIR.UZ’нинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси эса буни рад этмоқда. 

Айни вақтда эса ижтимоий тармоқларда шу кунларда Ғофур Раҳимов Тошкентда бўлиб тургани, оиласи билан эмин-эркин яшаётганини далилловчи видеолар тарқалмоқда. 

Икки видеода Раҳимов Тошкентдаги “Олой” ва “Чорсу” бозорларида савдо қилаётгани акс этган бўлса, яна бир тасвирда у рафиқаси билан ресторанлардан бирида қаҳва ичаётганини кўриш мумкин.

Ғофур Раҳимов 72 ёшда. У Википедия маълумотларида жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида қайд этилган. 
2012 йилда АҚШ Федерал қидирув бюроси Раҳимовнинг бизнеси билан қизиқиб, ўзбекистонлик тадбиркорни собиқ СССР давлатларидан келган жиноятчиларни ўз ичига олган “Биродарлар доираси” жиноий гуруҳи етакчиларидан бири деб ҳисоблаган.

АҚШ Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида Раҳимовнинг жиноят оламидаги иштирокига ишора берилган. 

Ўзбекистонда қимор ўйинлари таъқиқланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан Ўзбекистонда онлайн қимор ўйинлари иштирокчиларининг карталаридан трансчегаравий ўтказмалар тақиқланади. 

30 ноябрь куни “Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида”ги президент қарори имзоланганди.

Унга кўра, маблағларни олувчи томонидан қимор ўйинлари ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти ҳамда капитал ҳаракати операциялари амалга оширилаётгани тўғрисидаги тўлов тизимининг операция коди ёки бошқа идентификаторлар белгилангани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлганда, тижорат банклари томонидан банк картаси ёрдамида Ўзбекистон ташқарисида жойлашган маблағларни қабул қилувчига трансчегаравий ўтказиш тақиқланади.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг мурожаатлари асосида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан қонунга хилоф равишда қимор ўйинларида қатнашиш ҳамда капитал ҳаракати операцияларини амалга ошириш имконини берувчи Интернет тармоғидаги ахборот ресурслари белгиланган тартибда Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи реестрига киритилади.

Фоҳишахоналар мижозлари рўйхатидан таниқли спортчининг номи топилди

Қозоғистонлик эркин курашчи Эрали Абдрашевнинг номи жорий йилнинг июнь ойида қўлга олинган, ижтимоий тармоқларда тарқалган, “VIP сутенёр мижозлари рўйхати”дан топилди. Бу ҳақда “Meta-ratings.kz” хабар берди.

Манбага кўра, рўйхатда спортчидан ташқари, телефон рақамлари кўрсатилган 300 га яқин исм бор. Абдрашевдан ташқари, рўйхатда қозоқ санъати вакиллари, хавфсизлик хизмати ходимлари, амалдор ва бизнесменлар номини ҳам кўриш мумкин.

Рўйхат “VIP сутенёр” “Love Aika” саҳифаси эгасининг телефонидан топилган. Мамлакатдаги рейдлар давомида “Love Aika” саҳифасии эгаси ҳибсга олинди. 

Маълум бўлишича, “Love Aika” ёпиқ ижтимоий тармоқлар орқали бадавлат эркакларга интим хизмат кўрсатиш ва эскортлик қилувчи модель қизлар иштирокида “зиёфатлар” ташкил этиш билан шуғулланган. 

6 июнь куни Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Олмаотада айланмаси 209 миллион тенге (453 минг АҚШ доллари)дан ортиқ бўлган элита эскортларнинг “ёпиқ” ижтимоий тармоқлари тугатилгани ҳақида хабар берди.

4 декабрь куни Абдрашевнинг ўзи ҳолатга изоҳ берди.

“Бу рўйхатга қандай кирганимни билмайман. Мен ҳеч қачон бунақа хизматлардан фойдаланмаганман. Исмимни асоссиз равишда обрўсизлантирганлардан ариза ёзиб, маънавий зарар ундиришни талаб қилмоқчиман. Айбдорлар қонун доирасида тўлиқ жазоланиши керак”, дейди Абдрашев.

Маълумот учун, Эрали Абдрашев 1992 йилда Остонада туғилган. Спортчи бир нечта халқаро мусобақаларда Қозоғистон шарафини ҳимоя қилган. У 2019 йилги Осиё чемпионатида 92 кг вазн тоифасида 6-ўринни эгаллаган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг