Кремлнинг устувор йўналиши террорчиларга эмас, Украина ва мухолифатга қарши курашдир – FT

Олам

image

ИШИД террорчиларига қарши кураш “Крокус Сити Ҳолл”даги терактга рухсат берган Россия махсус хизматларининг устувор йўналишлари қаторига кирмаса керак. Бундай фикрни хавфсизлик бўйича экспертлар “Financial Times” билан суҳбатда билдирди

"Бу ерда масала улар таҳдид ҳақида ўйламагани ёки уни қидирмаганида эмас, балки улар бундай сиёсий устуворликларга эга бўлмаганидадир. Сиёсий устуворликларни Кремль белгилайди. Бу эса, шубҳасиз, Украина ва демократик мухолифатга қарши қаратилган”, дейди ҳарбий эксперт ва Лондон Университети фахрий профессори Марк Галеотти.

АҚШ разведка идоралари Россияга март ойи бошида мамлакат ҳудудида теракт тайёрланаётгани ҳақида хабар берган эди. “The Washington Post” газетасининг ёзишича, “Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан икки ҳафта олдин АҚШ расмийлари Россияни айнан шу жой ҳужум учун потенциал нишонга айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Нашрнинг ёзишича, Россия расмийлари ҳеч бўлмаганда дастлаб огоҳлантиришни жиддий қабул қилган. АҚШ огоҳлантиришида Москвадаги синагогалардан бирида терактга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида ҳам маълумот бўлган. 7 март куни Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ИШИДнинг Москвадаги синагогага ҳужумининг олди олингани ҳақида хабар берди.

Ғарб расмийларига кўра, шундан сўнг Россия ҳукумати ҳушёрликни юмшатиб, Американинг огоҳлантиришини ёлғон деб ҳисоблаган.

Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг таъкидлашича, Москва Вашингтондан Россияда теракт содир этилиши эҳтимоли ҳақида маълумот олган, бироқ бу маълумотлар жуда умумий бўлган. Аммо Россия ҳукумати терактда "Украина изи"ни кўрди.

Россия махсус хизматлари ишини ўрганишга ихтисослашган журналист Андрей Солдатов Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик бир неча оқибатларга олиб келишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, россиялик амалдорларга америкаликлар билан алоқаларни давом эттириш топширилган, аммо кейин улар хиёнатда айбланган ва бунга бир неча мисоллар мавжуд.

"Бундай муҳит ҳар доим терроризмга қарши курашда америкаликлар билан ҳақиқий ҳамкорлик ғоясини бузади. Албатта, уруш бундай ҳамкорликка таъсир қилди. Америкаликлардан маълумот олиши керак бўлган офицер ҳақида ўйлаб кўринг ва у ўз раҳбарларига Ғарб тақдим этаётган маълумотларга ишониш кераклигини исботлаши зарур. Албатта, у ўз карераси ва мавқеи ҳақида ўйлаши керак, чунки у америкаликлар фойдасига нимадир қилаётган одам сифатида қабул қилинишни истамайди”, дейди Солдатов.

Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Дуглас Лондоннинг фикрича, “Крокус”га қилинган ҳужум ФХХнинг тезкор фаолиятида узоқ вақтдан бери мавжуд заиф томонларини кўрсатди.

“ФХХ кўплаб техник имкониятларга эга. Ҳамма жойда видеокамералар бор. Улар интернетни бошқаради. Лекин улар маълумот қидирганда, одатда мажбурлаш, одамларни ёки уларнинг оилаларини шантаж қилишдан фойдаланади. Бироқ улар сабр-тоқат билан инсайдерларни қандай топиш, муносабатларни ривожлантириш ва ишончни таъминлашни билмайди”, дейди Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “The Washington Post” газетаси эса икки америкалик расмийга таяниб, “Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин, 6 март куни АҚШ расмийлари Россияни ушбу жой ҳужум учун потенциал нишонга айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганини ёзди.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Остонада бўлиб ўтган ШҲТ мажлисида теракт Киев томонидан ташкиллаштирилганини айтди ва теракт учун жавобгарликни бўйнига олган ИШИД ва бошқа террорчи ташкилотларни АҚШнинг ўзи яратганини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Кремль Крокус Сити Ҳолл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made