Кремлда Қодировнинг ўлимига тайёргарлик бошланди

Олам

image

Кремль Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг эҳтимолий ўлими ортидан ҳокимият вакууми юзага келиши муаммосини ҳал қилиш устида ишламоқда. Бу ҳақда Кремль ва “Единая Россия”га яқин манбага таяниб, “Важные истории” хабар берди.

Манба ҳудуддаги вазиятни Қодировнинг ўлимга олиб келиши мумкин бўлган оғир касаллиги ҳақидаги янги хабарлар ва яқинда унинг ўғли – ворис сифатида қаралаётган 18 ёшли Адам Қодиров жароҳат олган ЙТҲ фонида ниҳоятда оғир деб тавсифлайди.

“Ҳозир Чеченистонда содир бўлаётган барча нарсалар пухта яширилмоқда, аммо у ерда жуда мураккаб жараёнлар кетяпти. Одамларни қаттиқ қўрқитиб қўйишган, ҳеч ким бўлаётган воқеалар ҳақида гапирмаяпти. Аҳолига “агар қандайдир маълумот сизиб чиқиши бўлса, ҳаммани, бутун оилани еттинчи авлодгача йўқ қиламиз”, деб айтилган”, дейди манба.

Кремль учун вариантлардан бири – тахтни вақтинча сақлаб турувчи шахсни тайинлаш. Агар Чеченистон раҳбари Адам Қодиров 30 ёшга тўлмасидан олдин вафот этса (қонунга кўра у шу ёшдан кейин республикага раҳбар бўла олади), у Қодировлар оиласи манфаатлари учун ҳаракат қилган ҳолда Чеченистонда барқарорликни таъминлаб туради. 

“Адамнинг нуфузи – унинг фамилияси, келиб чиқиши. Россия ичида ҳокимият шахсга боғланган, сулолавий тарзда узатиладиган диктатура мавжуд бўлган субъект пайдо бўлди”, дейди Прагадаги Карлов университети ўқитувчиси, сиёсатшунос Дмитрий Дубровский.

Яна бир эҳтимолий вариант – Қодировга содиқ шахсни Чеченистон раҳбари этиб тайинлаш. “Важные истории” манбаларининг айтишича, бунга Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ ходими ва чечен диаспораси вакилидан кимдир мос келиши мумкин. У Беной деб аталадиган энг йирик тейпдан (чечен ва ингуш жамиятидаги қабилалик-уруғчилик тузилмаси, яъни кенг маънода авлод, уруғ) бўлиши эҳтимол, чунки унинг вакиллари Чеченистон ҳокимиятининг барча тузилмаларида аллақачон мавжуд.

Шундай номзодлардан бири Чеченистондан Давлат думаси депутати ва Қодировнинг узоқ йиллик сафдоши Адам Делимханов бўлиб, у чечен диаспораларини назорат қилади. “Важные истории”нинг ёзишича, Қодиров айнан унга Адамни “тайёрлаш”, шу жумладан криминал муҳитдаги алоқаларини ҳам бериш вазифасини юклаган. Иккинчи номзод – Чеченистон ҳукумати раҳбари Магомед Даудов – Қодировнинг яна бир энг яқин ҳамкори бўлиб, ҳудуддаги репрессиялар учун жавоб беради. Нашр манбаларининг айтишича, айни пайтда ушбу икки шахс ўртасида ҳокимият учун кураш туфайли зиддият авж олмоқда.

Дубровскийнинг фикрича, Қодиров вафот этган тақдирда ҳам Чеченистонда оммавий чиқишлар ёки вазиятнинг кескин беқарорлашуви бўлмайди.

“Украинадаги урушга бўйнигача ботган Москвага яна беқарор Чеченистон керак эмас. Москва учун ҳозирги мавжуд ҳолатни кафолатлайдиган ҳар қандай номзод мос келади”, дейди у.

Сиёсатшунос Аббос Галлямов эса Қодировнинг ўлими кланлар ўртасида ҳокимият учун курашга ҳам, оммавий чиқишларга ҳам олиб келиши мумкинлигини истисно қилмайди. 

“Чеченистонда норозилар кўп, айниқса чечен элитаси ичида. Агар улар тизим етарлича заифлашганини, бош кўтариб унга қарши курашни бошлаш мумкинлигини ҳис қилса, албатта шундай қилишади”, дейди Галлямов.

Ворисни танлаш масаласида эса Москва, аввало, хатарларни минимал даражага тушира оладиган шахсга эътибор қаратади, деб ҳисоблайди эксперт.

“Чеченистон устувор эмас. Устувор вазифа – ресурсларни исроф қилмаслик. Бор куч-қувват Украина масаласига жамланяпти”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айрим Чеченистон Telegram-каналларида республика раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Қодиров Грознийда йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Уларнинг маълумотига кўра, Адам Қодиров жароҳат олиб, шифохонага етказилган. Хабарларда, шунингдек, жабрланувчини Москвага олиб кетишгани айтилган.

Кейинроқ, Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-каналида Адам Қодиров республиканинг куч тузилмалари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказгани ҳақида видео эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Рамзан Қодиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг