Кремлда бўлган Пашинян Путин билан нималар ҳақида гаплашди?

Олам

image

Бугун, 12 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян жорий йил ҳисобига кўра Москвада тўртинчи марта учрашув ўтказди. Улар икки давлатнинг ўзаро муносабатлари ва Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди. Пашинян минтақадаги зиддият тўлиқ ҳал этилмаганини таъкидлади.

“Иттифоқчилар тез-тез учрашиши, сиз айтгандек гаплашиши ва соатларни синхронлаштириши жуда муҳим. Албатта, афсуски, бизнинг минтақада ҳали вазият тўлиқ барқарорлашган дея олмаймиз. Сиз таъкидлаганингиздек, Тоғли Қорабоғ можароси ҳалигача ҳал қилинмади ва аниқки, можарони ҳал қилишда ва умуман минтақамизда хавфсизликни таъминлашда Россия муҳим роль ўйнайди, ЙХҲТ Минск гуруҳининг ҳамраиси ҳисобланади. Албатта, бу масалаларнинг барчаси жуда муҳим ва мен сиз билан бутун кун тартибини муҳокама қилишдан жуда мамнунман”, дея Пашиняннинг сўзларини келтирди Кремль Матбуот хизмати.

Ўз навбатида, Россия Президенти Арманистон Бош вазирига қуйидагича жавоб берди:

“Биз телефон орқали доимий алоқадамиз. Лекин, албатта, керакли натижага эришиш учун шахсий учрашув ҳар доим самаралироқ бўлади. Умид қиламанки, бу сафар ҳам шундай бўлади. Биз расмий ва норасмий муҳитда гаплашамиз – бирга тушлик қиламиз, долзарб масалаларни муҳокама қиламиз, истиқболлар ҳақида гаплашамиз. Яқинда биз МДҲнинг яна бир саммитини ўтказамиз, мен ҳам сиз билан бу соҳада ва, албатта, ўзаро муносабатларимизнинг асосий масалалари, шу жумладан минтақадаги бугунги ва узоқ муддатли истиқболни синхронлаштирмоқчиман”.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябр ойи бошида Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги можаро ҳал қилинмаганини ва халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойили асосида минтақа мақомини аниқлаш кераклигини айтганди. 25 сентябрь куни эса Арманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари 2020 йил ноябридан буён биринчи учрашувини ўтказди. 1 октябрь кунига келиб Арманистон расмийлари Озарбайжон билан чегараларни демаркация қилишга тайёр эканликларини эълон қилди.

Маълумот ўрнида, Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро 2020 йил 27 сентябрда фаол жанговар ҳаракатлар бошланиши билан кескинлашди. Ўша йилнинг 9 ноябрида Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян имзолаган уч томонлама баёнот можаро зонасида ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхташига имкон яратди. Озарбайжон ва Арманистон томонлари эгаллаб олган позицияларида тўхташди, бир қатор ҳудудлар Баку назорати остига ўтди, Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Москва Озарбайжон Путин Арманистон Қорабоғ

Баҳолаганлар

103

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made