Кремль Зеленскийнинг Ил-76 ҳалокатини тергов қилиш ҳақидаги талабига жавоб берди

Олам

image

Россиянинг Белгород шаҳри яқинида ҳалокатга учраган Ил-76 ҳарбий самолёти бўйича халқаро тергов ўтказилишига агар бу “Киев режимининг жиноий ҳаракатлари” бўйича тергов сифатида қаралса рози бўлади. Бу фикрни Россия Президентининг вакили Дмитрий Песков маълум қилди.

Песков Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг авиаҳалокат юзасидан халқаро тергов ўтказилишини талаб қилиш ҳақидаги баёнотига изоҳ берди.

“Агар у Киев режимининг жиноий ҳаракатлари бўйича халқаро текширув ўтказилишини назарда тутаётган бўлса, бу, албатта, зарур”, деган Песков.

Самолёт нима учун уриб туширилгани сўралганда, Кремль вакили Зеленскийнинг офисига қўнғироқ қилишни ва саволни у ерда беришни таклиф қилган.

Унинг сўзларига кўра, бир кун аввал айнан нима бўлгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Терговчилар самолёт қолдиқларини ўрганишни 24 январь куни кечқурун бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учради. Россия Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, бортда Белгородга алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир, шунингдек, олти экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳ бўлган. Уларнинг барчаси, Россия расмийларига кўра, вафот этган. 

Россия Мудофаа вазирлиги Ил-76 ҳалокатини теракт деб атади ва бунда Украина ҳарбийларини айблади. Украина ҳукумати ҳалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Украина ҳарбий разведкаси 24 январь куни Москва ва Киев асирларни алмашишга тайёрланаётганини тасдиқлади ва Украина томонида Ил-76 бортида ким бўлгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқлигини қўшимча қилди.

Аввалроқ Владимир Зеленский самолёт ҳалокати бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Ил-76

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made