Кремль “бош оғриғи” Навальний суд қилиняпти

Олам

image

Бугун, 2 февраль куни Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний устидан шартли қамоқ жазосини ҳақиқий 3,5 йилга алмаштириш бўйича Москва шаҳрида суд жараёни бўлиб ўтмоқда. Навальний жорий йилнинг 17 январь куни Германиядан қайтиб келганидан сўнг, дарҳол ҳибсга олинган эди.

Нима сабабдан Навальний суд қилиняпти?

Гап шундаки, 2014 йилда Навальний фирибгарлик ва пул ювишда айбланиб 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди ва 500 минг рубль миқдорида жаримага ҳам тортилганди. Суд тайинланган ҳукмни аввалига беш, кейин олти йилга синов муддати билан тўхтатилган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор чиқарганди. 

Шартли равишда озодликда юрган фуқарони жиноий-ижроия инспекцияси суҳбатга чақирган пайтда келиб туриши керак бўлган. Навальний эса етти марта ҳам ушбу инспекцияда кўриниш бермаган ва унга шартли жазони ҳақиқий жазо билан алмаштириш тўғрисида бешта огоҳлантириш берилган. 

Навальний нима сабабдан келмаган? Ахир бу пайтда “Новичок” билан заҳарланган Навальний Германиянинг Шарите шифохонасида даволанаётган бўлган. Шартли равишда озодликда юрган фуқаронинг мамлакатни тарк этишига ва Германияга бориб даволанишига Путиннинг ўзи рухсат берган. Федерал жазони ижро этиш хизматига кўра, Навальний шартли ҳукмдан кейин 60 марта жамоат тартибини бузган.

Судда кимлар иштирок этмоқда?

Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун унинг аёли Юлия Навальная ва адвокати Вадим Кобзев суд залига етиб келган. Энг қизиғи, ушбу жараённи гувоҳи бўлиш учун 20 дан ортиқ давлат элчилари ҳам суд залидан жой олган. Улар орасида АҚШ, Болгария, Польша, Латвия, Австрия ва Швейцария мамлакатларининг Россиядаги элчилари қатнашмоқда. 

Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова чет эл дипломатларининг суд залида эканлигини танқид остига олиб, элчиларнинг ушбу хатти-ҳаракатларини мамлакат ички ишларига аралашиш деб атаган.

Кремль ушбу суд жараёнини кузатмоқдами?

Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Песковга кўра, Владимир Путин ушбу суд жараённи кузатмаяпти. Песковнинг аниқлик киритишича, суд пайтида Россия раҳбари Ново-Огарёвода бўлиб турибди ва россиялик ўқитувчилар билан учрашишга тайёргарлик кўрмоқда.

Путиннинг назаридан четда қолган Навальнийнинг суди атрофи махсус хизмат ва Россия гвардияси аскарлари билан қуршаб олинган бинода ўтказиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг