Кредитга асир тушаётган ўзбегим
Таҳлил
−
15 Октябрь
23546Автомобиль керакми “рассрочка”га ол, пул керакми, кредит ол, телефон олмоқчимисан, муддатли тўловга харид қил. Сўнгги пайтларда кўпчилик учун кредит иқтисодий муаммоларнинг ягона ечимига айланиб қолди. Бир тарафдан, кредит инсонларга хоҳлаган пайтда исталган нарсасини харид қилиш учун имконият бўлса, бир томондан катта фоизлар эвазига бўйинга илинган қарздир.
Ўзбекистонликларнинг банкдан олинган қарз маблағлари айни дамда 37 миллионлик аҳоли учун киши бошига 1 минг 49 доллардан тўғри келади. Марказий банк тақдим этган маълумотларга кўра, ўзбекистонликларнинг банклардан 490 трлн сўм, долларга ҳисоблаганда 38 млрд 815 млн 791 минг доллар қарзи бор. Бу фақат банклардан олинган кредитлар холос. Нобанк ташкилотлар, автосалонлар, кўчмас мулк, маиший техника бозорида бўлиб тўлашга берилаётган маҳсулотлар суммаси бундан мустасно. Аслида, кредит ва муддатли тўлов пул-кредит муносабатлари сифатида молиянинг муҳим, ажралмас қисми сифатида мамлакат ривожланиши учун хизмат қилади. Лекин тан олиш керакки, Ўзбекистондаги кредит фоизлари жуда баланд. Хўш, бунинг асосий сабаби нимада? Ижтимоий тармоқларда тез-тез айтилаётганидек, молиявий инқироз яқинми?
Ўзбекистондаги кредит фоизлари
“Theglobaleconomy” сайтининг Жаҳон Банки маълумотларига таяниб берган 2022 йилги ҳисоботида Ўзбекистон кредит фоизи юқорилиги бўйича дунёда 109 мамлакат ичида 6-ўринни эгаллаган. Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кредит ўртача 21,2 фоизни ташкил этади. Аммо аксарият банкларда кредит фоизлари 24 фоиздан бошлаб, то 49 фоизгача. Уларнинг ягона афзаллиги ортиқча ҳужжатларсиз бир зумда кредит ажратишдан иборат холос.
Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда кредитнинг ўртача фоизи қуйидагича ўзгарган:
· 2014 йилда 16,2 фоиз;
· 2015 йилда 14,2 фоиз;
· 2016 йилда 14,1 фоиз;
· 2017 йилда 15,0 фоиз;
· 2018 йилда 19,9 фоиз;
· 2019 йилда 24,8 фоиз;
· 2020 йилда 20,6 фоиз;
· 2021 йилда 21,3 фоиз;
· 2022 йилда 22,4 фоиз.
· 2023 йилда 22,9 фоиз.
Энг паст кредит ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасига тенг, яъни 13,5 фоиз. Аммо бундай имтиёзли кредитдан фойдаланиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ҳозирча фақат оилавий тадбиркорлик учун 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит ва аёллар ўқиши учун таълим кредити берилмоқда. Унинг ҳам югур-югурлари кўп.
Нима сабабдан кредит фоизлари Ўзбекистонда юқори?
Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқуловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда кредит фоизлари юқори эканига инфляциядан ташқари яна бир қанча муҳим омиллар сабаб бўлмоқда.
"Ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистонда кредит фоизлари жуда юқори. Бунинг биринчи сабаби – бу инфлация даражасининг баландлиги. Инфлация даражаси баланд бўлган шароитда тижорат банклари паст фоизли кредит бера олмайди.
Иккинчи сабаб – Ўзбекистон банкларида арзон ресурс йўқлиги. Иқтисодиётда қимматчилик. Битта арзон ресурс бу имтиёзли кредит. Уни давлат беради.
Учинчи сабаб – риск юқори. Қанчадан қанча имтиёзли кредитлар берилди. Буларни банклар қайтара олгани йўқ. Бунинг ортидан жуда катта қарздорлик юзага келди.
Тўртинчидан – валюта риски”, дейди иқтисодчи.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча йиллардан буён банкирларга кредит фоизларини тушириш бўйича топшириқ бериб келади. Иқтисодчилар эса банкларни мажбурлаб эмас, аксинча иқтисодий шароитларни яхшилаш ва рақобат муҳитини ошириш орқали кредит фоизлари пасайишига эришиш муҳим эканини айтади.
Яна бир муҳим масала, муваффақиятли тадбиркорлар бизнес бошлаш учун кредит олишни маслаҳат бермайди. Лекин аслида, кредит биринчи ўринда кичик бизнес ривожланиши учун хизмат қилиши керак. Аммо юқори фоизлар ва инфляция буни амалга ошириш учун йўл бермаяпти.
Ипотека кредитлари
Ипотека кредити кўпчиликни уй-жойли бўлиш орзусига етказиш учун энг қисқа ва қулай йўлдир. Ривожланган мамлакатларда ипотека истеъмол кредитларининг асосий қисмини ташкил этади. Масалан, АҚШда ипотека кредитлари истеъмол қарзининг 70,2 фоизига тенг.
Мутахассис фикрича, Ўзбекистонда ипотека кредити жозибадорлиги камлиги боисдан унчалик оммалашмаяпти. Марказий банк ҳам 2024 йилда ипотека бозорида пасайиш кузатилганини қайд этди. Биринчи ярим йилликда жами 6 трлн 883,9 млрд сўмлик ипотека ажратилган. 2023 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 7,008 трлн сўмни ташкил қилган эди.
QALAMPIR.UZ ўтказган сўровномада маълум бўлдики, техника бозорида асосий савдо муддатли тўлов, халқ тилида айтганда “рассрочка”га барака қилинмоқда.
Муддатли тўловга маҳсулот харид қилинганда унинг устига яхшигина суммада пул қўшилиши ҳеч кимга сир эмас. “Рассрочка” қиймати баланд эканига ҳам яна ўша инфляция ва мамлакатдаги мавжуд иқтисодий шароит айбдор.
Дунё мамлакатларида кредит фоизлари қанча?
Жаҳон банкининг 2023 йиллик кўрсаткичлар бўйича солиштирувларига кўра, энг арзон кредит фоиз ставкаси Японияда бўлиб, Ўзбекистондагидан 12 баробар арзон, яъни – 1,8 фоиз. Ундан кейинги ўринни Швейцария эгаллаган – 2,9 фоиз.
Европа мамлакатларида Украинани ҳисобга олмаганда кредит ставкаси 3,5 фоиздан бошлаб 10 фоизгача, Россияда 11,6 фоиз, Хитойда 4,3 фоиз, АҚШда 8,5 фоиз, Канадада 6,9 фоизни ташкил қилади.
Марказий Осиё бўйича энг арзон кредит ставкаси Туркманистонга тегишли – 8.19 фоиз (жисмоний шахслар учун, 2023 йилги маълумот). Ўртача кредит ставкалари Қирғизистонда 19,1 фоиз, Қозоғистонда 18 фоиз, Тожикистонда 23,5 фоизга тенг.
25 июль куни Ўзбекистон Марказий банки қайта молиялаш ставкасини 13,5 фоизга туширди. Бундай ҳолатда банклардаги кредитлар фоизи ҳам ўз-ўзидан пастлаши керак эди, аммо юқорида санаб ўтилган иқтисодий муаммолар туфайли банк кредит фоизлари пастлашидан умид йўқ. Тан олиш керак, кредит фоизлари юқорилигидан ҳам фуқаролар, ҳам банклар азият чекмоқда, чунки ставка қанча паст бўлса, талабгорлар шунча кўп бўлади.
Паст даромад, ишсизлик, юқори нархлар одамларни кредит олишга ундамоқда. Бир қарашда одамларнинг мушкулини осон қилаётгандек кўринаётган кредит аслида одамларни баттар қийин молиявий аҳволга тушириб қўйяпти. Юқори фоизлар эвазига олинаётган кредитлар инсонларни йиллар давомида қарзларини тўлашга мажбур қиляпти. Қарзини узолмасдан ўз жонига қасд қилаётганлар ҳам, афсуски, бор.
LiveБарчаси