Костенко конидаги портлаш айбдорлари эълон қилинди
Олам
−
09 Январь
3648Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипхонов “ArselorMittal Temirtau” компанияси раҳбарларини Костенко конидаги портлаш учун жавобгар деб ҳисоблаяпти. Бу ҳақда “Informburo.kz” хабар берди.
Шарипхоновнинг қайд этишича, ҳукумат комиссияси 28 кишини ҳодиса учун жавобгар деб топган. Шунингдек, иш берувчининг 100 фоиз айби борлиги маълум бўлган.
“Булар оддий ходимлар эмас. Бу бевосита масъул бўлган муҳандислик ва техник ходимлардир. Ҳукумат комиссияси натижасида 28 кишининг айбдорлигини аниқладик. Хусусан, улар AMT бош директори Владимир Яблонский, кадрлар бўлими директори Елена Винокурова, AMT кўмир бошқармаси техник директори Андрей Белий, AMT кўмир бошқармаси ижрочи директори Сергей Огай”, дейди вазир ҳукуматдаги брифингда.
Унинг қайд этишича, материаллар тергов органларига топширилган, энди судга юборилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 28 октябрь куни эрталаб Қозоғистондаги кўмир конида портлаш содир бўлганди. Фожиа оқибатида 46 киши ҳалок бўлди.
Ҳолат юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кондаги портлашдан сўнг, “ArselorMittal Temirtau” билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатишни буюрган. Давлат раҳбари 29 октябрни ҳалокат қурбонлари хотирасига умумхалқ мотам куни деб эълон қилди.
LiveБарчаси