Косовода 454 йиллик масжид ёқиб юборилди
Олам
−
20 Апрель 2020
9985Жорий йилнинг 17 апрель куни номаълум шахслар Вербоц қишлоғидаги Дренас мериясининг энг қадимги масжидига ўт қўйишди. Бу ҳақда Косово Ислом жамияти маълум қилди.
Таъкидланишича, 19 апрель куни мамлакат Ислом жамияти раҳбари муфтий Наим Тернава воқеа жойига ташриф буюрди. Тернава ушбу масжид 1566 йилда қурилганини маълум қилган. Шунингдек, жамият раҳбари бу масжид Косово учун тарихий аҳамиятга эга эканлигини айтиб, жиноятчиларни қонун олдида жазолаш кераклигини таъкидлади.
Вербоц ҳокими Дритон Кастрати сўзларига кўра, ёнғин 17 апрель, жума намозидан кейин содир бўлган. Унинг айтишича, ёнғин эски масжид ёнидаги янги масжидга деярли таъсир қилмаган, фақат бир нечта ойналари сингани.
Маълумот учун, Косово аҳолисининг 95,6 фоизи мусулмонлар ҳисобланади. Ҳозирда мамлакатда Рамазон ойига тайёргарлик кетмоқда.
Сиёсий томондан Косовони давлат сифатида ҳали кўп мамлакат ҳукуматлари тан олмаган. У 2018 йил 17 февраль куни Сербиядан мустақиллигини эълон қилган. Мамлакатни мустақил давлат сифатида тан олишга келганда дунё учга бўлинган. АҚШ, Канада, ва Европанинг Испаниядан ташқари барча давлатлари Косовони мустақиллигини тан олган. Россия ва унга қўшни мамлакатлар, Жанубий Америка давлатлари, Хитой, Эрон, ва Ҳиндистон сингари Осиёнинг бир қатор давлатлари бу борада Сербияни қўллаб қувватламоқда.
Ўзбекистон, Мўғулистон, Парагвай ва Африканинг бир қанча давлатлари эса бетараф бўлиб турибди. Улар БМТнинг махсус қарорини кутмоқда.