Коррупцияда айбланаётган Нетаньяхуга ҳукумат тузиш топширилди

Олам 3424
image

Исроил Президенти Реувен Ривлин бугун, 6 апрель куни Бош вазир Биньямин Нетаньяхуга март ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари натижасига кўра ҳукумат тузишни буюрди. Бу ҳақда “Times of Israel” нашри ёзмоқда

Маълум қилинишича, Ривлиннинг бундай қарорга келиши ўзи учун ҳам осон кечмаган. Одатда, Исроилда Президент ўз қарорини эълон қилишидан бир кун олдин партия раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, уларнинг аъзоларидан номзодларнинг қайси бирини қўллаб-қувватлашини сўрайди. 

Бу сафарги маслаҳатлашув қийин вазиятни юзага келтирган. Президентнинг фикрига кўра, сиёсатчиларнинг ҳеч бири ҳукмрон коалиция тузиш учун Нетаньяхудек имкониятга эга эмас.

Исроил Президенти билан маслаҳатлашув натижасига кўра, бир палатали парламент – Кнессетнинг 52 депутати Нетаньяхуни ёқлаб овоз берган, 45 нафари эса мухолифатчи Яир Лапидни қўллаб-қувватлаган. 

Хабарга кўра, Нетаньяхуда партиялар билан коалицион ҳукумат тузиш бўйича музокаралар олиб бориш учун 28 кун вақт бор. Парламент томонидан у тузган ҳукумат таркиби тасдиқланиши учун 120 нафар депутатдан 61 нафари қўллаб-қувватлаши керак.

Агар Нетаньяху 28 кунда ушбу вазифанинг уддасидан чиқолмаса, у яна 14 кун муддат сўраши мумкин. Бироқ бу сафар ҳам Биньямин ҳукуматни тузолмаса, у ҳолда Президент ушбу ҳуқуқни бошқа номзодга ишониб топшириши мумкин.

Исроил Президенти коррупция билан айбланаётган Нетаньяхунинг Бош вазир лавозимини эгаллашига жамият бошқача муносабат билдиришини алоҳида таъкидлаган.

“Нетаньяхунинг Бош вазирликни эгаллаши қонун томонидан тақиқланмаган экан, ўзим суд ҳокимияти ролини ўйнаб, унинг бу ҳуқуқидан маҳрум қилолмайман”, дейди Исроил Президенти.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху устидан суд жараёнлари кетмоқда. У порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилганликда ҳамда Бош вазир сифатида тақдим этиш мумкин бўлган баъзи бир имтиёзлар эвазига ишбилармонлардан совғалар олганликда гумон қилиниб айбланмоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 62
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×