Коррупция – ядро қуролидан ҳам жиддийроқ хавф
Фойдали
−
28 Октябрь 2020
10784Баъзида арзимас бўлиб кўринган, аслида жамият ривожига болта урувчи, аммо йўқотиб бўлмас кучга эга бўлган ижтимоий ҳодиса – бу коррупциядир. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида учраб турадиган бу жўнгина сўз қуйидаги таърифга эга. Коррупция – давлат органлари ходимларининг моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний, шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган жараён.
Коррупция шунчаки пул олди-бердиси эмас. Балки таниш-билишчилик, қариндош уруғчилик, маҳаллийчилик каби бир қанча кўринишларга эга.
Туғриқхонада яхшироқ қарашлари учун “суюнчи пули” берасан, яхшироқ боғча, яхшироқ мактаб учун ҳам пул керак. Олий ўқув юртини-ку айтмаса ҳам бўлади. Ўқишга киришдан тортиб, диплом олгунга қадар пул. Дипломни олиб каттароқ пул билан ишга жойлашасан. Тўкилганларнинг ўрнини тўлдириш, шунча йил бу лавозимга келгунча сарфлаган харажатларингни чиқариб олиш учун ўзинг ҳам пора оласан. Кейин пенсия ёшига етгач, унда ҳам пора. Кўпроқ нафақа пул ёздиришинг учун кимларнинг эшигида ҳалигини берсам экан, деб сарғаясан. Энг ачинарлиси, қабристонда яхшироқ жой олиш учун ҳам гўрков билан “гаплашиш”инг керак.
Ҳали ҳеч бир давлат бу қусурда батамом қутулолган эмас. Aммо баъзи мамлакатларнинг коррупцияга қарши олиб броган ҳаракатлари ҳавас қиларли даражада.
Сингапур тажрибаси
Коррупцияга қарши муваффақиятли курашиш намунаси сифатида Сингапурдаги ислоҳотларни кўрсатиш мумкин. Бу давлат қисқа вақт ичида Осиёнинг қолоқ мамлакатидан дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига кира олди. Бунинг замирида эса коррупцияга қарши кураш ётади.
Сингапурда барча мансабдорларнинг маошлари сезиларли даражада оширилди, суд тизими мустақиллиги таъминланди, пора олганлик ва берганлик учун жазо кескинлаштирилди. Шу билан бир вақтда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб турувчи мустақил ОAВ шакллантирилди.
Давлат раҳбари Ли Куан Юнинг коррупция устидан ғалаба қозонишни истаган инсон ўз қариндошлари ва яқин дўстларини ҳам қамашга тайёр бўлиши кераклиги ҳақидаги машҳур ибораси мамлакатда коррупцияга қарши кураш аёвсиз бўлганидан далолат беради.
Хитой тажрибаси
Aгар Сингапурда коррупциячи амалдор маълум муддат қамоқ жазосига ҳукм этилган бўлса, Хитойда бу учун бир умрлик қамоқ ёки ўлим жазоси тайинланади. Маълумотларга кўра, 2003 йилдан бери бу давлатда 10 мингга яқин мансабдоролий жазо – ўлимга ҳукм қилинган, 120 минг нафари эса узоқ муддатга қамалган. Aйрим ҳолатларда пора билан ушланган амалдорларнинг қўллари чопилган.
Ҳонгконг тажрибаси
Хитойнинг шундоққина ёнида жойлашган Ҳонгконгда коррупция ботқоғидан чиқиш учун қуйидаги чоралар амалга оширилди: давлат амалдорлари барча мулклари, автомобиллари ва бошқа қимматбаҳо буюмларини ҳалол йўл билан топган маблағларига сотиб олганини исботлаб бериши лозим.
Иккинчидан, 1974 йилда бу ерда “Коррупцияга қарши мустақил комиссия” ташкил этилган бўлиб, комиссия офицерлар, зиёлилар ва бизнесменлардан ташкил топган. Улар ўта катта миқдорда маош олишади ва фақатгина губернаторга бўйсунишади.
Ва ниҳоят, Ҳонгконг аҳолиси ва ОAВ вакилларига порахўрликка қарши курашиш учун кенг имконият берилган – фуқаролар пора сўраган амалдор устидан комиссияга шикоят қилиши, журналистлар эса ҳар қандай амалдор фаолияти юзасидан текширув ўтказишлари мумкин. Натижа эса ҳайратланарли – 30 йил ичида порахўрлик даражаси 90 фоиздан 3 фоизга тушган.
Дания тажрибаси
Данияда қонунга сўзсиз итоат қилиш, барчанинг ахлоқ тамойилларига риоя қилиши жамиятни самарали бошқаришнинг асосий услуби ҳисобланади. Ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида ҳамма бирдек жавобгар бўлиб, маъмурий ёки жиноий ҳаракати учун масъулиятдан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Машинасида тезликни оширгани учун Дания қироличасининг ўғли, шаҳзода Ёахим жарима тўлаган ва матбуотнинг кескин танқидига учраган. Турмуш ўртоғи ўз фермасида хорижлик ишчиларни рўйхатдан ўтказмасдан ишлатгани учун вазирлардан бири истеъфога чиқишга мажбур бўлган.
AҚШ тажрибаси
Қўшма Штатларда ҳам коррупцияга қарши курашга алоҳида эътибор қаратилган: порахўр олинган поранинг уч баравари миқдоридаги жарима, айрим ҳолларда эса 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Қонунчиликка кўра, банклар раҳбарларининг уларнинг фаолиятини текширувчи назоратчиларга пул “совға” қилишлари таъқиқланган бўлиб, бунинг учун уларни жиноий жавобгарлик кутади. Худди шундай жавобгарлик текширувчилар учун ҳам тааллуқли.
Хўш, Ўзбекистонда бу иллат билан қандай кураш олиб борилмоқда?
Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясига, 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.
Ўзбекистонда 2017 йилнинг 4 январидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 27 май куни “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги” фармон имзоланди. Фармон билан 2019−2020-йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинди.
Қолаверса, Президент фармони билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишдан иборат.
Олиб борилган ислоҳотларга қарамай, мамлакатда коррупцион ҳолатлар тез-тез учраб турибди.
Transparenciy International Халқаро коррупцияга қарши кураш ташкилоти 2018 йилги Коррупцияни қабул қилиш индексида эълон қилишича, Ўзбекистон 100 баллик индекс бўйича ўтган йилга нисбатан 1 балл кўпроқ натижа қайд этган — 23 балл. Бироқ мамлакат рейтинги 1 бандга пастлаб, 180 давлат ва ҳудудлар орасида 158-ўринни эгаллади.
Сўзимизни олигарх Михаил Ходорковскийнинг ажойиб бир фикри билан якунласак: коррупция – ядро қуролидан ҳам жиддийроқ хавф. Террорчилар ядро қуролига эга бўлиш учун керакли одамларни пора билан сотиб олишлари кифоя қилади.
Карим Зарипов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь