Коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғовдир – Мирзиёев

Жамият

image

Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупция. Бу ҳақда бугун, 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев ўз раислигида ўтаётган коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда сўз очди.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади.

“Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир. Буни дунё тажрибаси ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Коррупция оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўраётгани бу глобал хавф эканидан далолат. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади”, деди Президент.

Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилди, алоҳида қонунлар қабул қилинди.

Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва агентлик ташкил қилинди.

Энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани қайд этилди.

Илгари бу мавзу журналистлар учун мутлақо ёпиқ эди. Ҳозирги вақтда мавжуд ҳолат очиқлик ва шаффофлик томонга бутунлай ўзгарди.

Очиқлик бўйича халқаро рейтинглардаги мамлакатимизнинг ўрни 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 30-ўринга кўтарилди.

“Такрор ва такрор айтаман: биз очиқлик сиёсатини, сўз эркинлиги ғояларини ҳаётга татбиқ этишда ҳамиша қатъий бўламиз!” деди давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Шавкат Мирзиёев Ислоҳотлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг