Коронавируснинг янги штамми аниқланган Африка мамлакатида чекловлар кучайтирилди 

Олам 2534
image

Жанубий Африка Республикасида COVID-19 билан касалланаётганлар сони кўпайгани сабабли оммавий тадбирлар, барлар фаолияти, спиртли ичимликлар савдоси тақиқланди. Бу ҳақда "The Guardian" хабар берган. 

Мамлакатда, шунингдек, жамоат пляжлари ва бассейнлар ёпилган. Соат 21:00 дан 6:00 гача комендантлик соати жорий этилган. 

Мамлакат Президенти Сирил Рамафоса маст бўлиб, эпидемияга қарши талабларни бажаришни тўхтатаётган фуқароларнинг масъулиятсиз хатти-ҳаракатлари соғлиқни сақлаш тизимига юк орттираётганини маълум қилган. 

Унинг сўзларига кўра, улар нафақат инфекциянинг тарқалишига ҳисса қўшади, балки жанжаллари туфайли шошилинч тиббий ёрдам хоналарини жароҳат олган беморларга ҳам тўлдириб юборади. 

Шунингдек, Президент жамоат жойида ниқобсиз юрган фуқаролар жарима тўлаши ёки жиноий жавобгарликка тортилишини эслатган. 

Расмий маълумотларга кўра, Жанубий Африка Республикасида коронавирусга чалинганлар 1 млндан ошган. 27 минг 71 нафар бемор вафот этган. 

24 декабрь оқшомидан бери инфекция юқтирганлар сони 50 мингдан ошган. Президент касалликнинг ўсиш суръатини мисли кўрилмаган деб атаган. 

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ва Жанубий Африка Республикасида коронавируснинг янги штаммлари аниқланган. Олимларнинг фикрига кўра, улар юқумлироқ ҳисобланади. Бунинг таъсирида кўплаб мамлакатлар Буюк Британия ва Жанубий Африка билан авиақатновларга чекловлар қўйган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 46
Рейтинг: 3
t
×