Коронавирусни дамлама билан даволашни айтган вазир ишдан олиниши мумкин
Олам
−
20 Апрель 2021
11877Қирғизистон парламенти депутатлари коронавирус билан оғриган беморларни заҳарли ўсимлик Иссиқкўл илдизи (Жунгар аконити) билан даволаш тўғрисида хабар берган мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиевнинг ишдан олинишини талаб қилмоқда.
Қирғизистон парламенти матбуот хизмати вакилига кўра, парламентнинг ижтимоий масалалар, таълим, фан, маданият ва соғлиқни сақлаш қўмитаси аъзолари вазирни лавозимидан четлатиш тўғрисида Ҳукуматга таклиф юбормоқчи. Қарор кеча, 19 апрель куни бўлиб ўтган қўмита йиғилишида бир овоздан қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Бейшеналиев 16 апрель куни бўлиб ўтган брифинг чоғида қирғизистонлик шифокорлар коронавирус билан касалланганларни жуда заҳарли ўт - Иссиқкўл илдизи ёки Жунгар аконити билан даволаётганини айтганди.
У ҳозирги вақтда мамлакатда коронавирусни даволаш учун ишлаб чиқарилган препаратнинг клиник синовлари ўтказилаётганини, шунингдек, маҳсулотни рўйхатдан ўтказиш режаларини ҳам эълон қилганди.
Ўша куннинг ўзида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Қирғизистонда ишлатилаётган Иссиқкўл илдизи самарадорлиги тўғрисида маълумотларга эга эмаслиги ҳақида баёнот берди.
Маълумот учун, Иссиқкўл илдизи ёки Жунгар аконити – бу курашчи уруғидан бўлган ўсимлик. Бу жуда заҳарли ўсимлик ҳисобланади. Қирғизистонда уни “заҳарли қўрғошин” деб ҳам аташади.
LiveБарчаси