Таваккалчи вазир ва табобат: Қирғизистонда коронавирус дамлама билан даволанмоқда

Олам 7293
image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг айтишича, мамлакат шифокорлари COVID-19 ни заҳарли Иссиқкўл илдизи (Жунгар аконити) билан даволаш усулини топган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири дамламани ўзида синаб кўрди.

“Бизнинг шифокорлар касалликни дастлабки босқичда, бир-икки кун ичида даволаш усулини топди. Дори воситалари ҳақида махсус видеофильмлардан билиб олишингиз мумкин”, деб ёзган у ўзининг Facebook саҳифасида.

Хабарга бириктирилган видеода одамлар тиниқ моддани шишага қуяётганини кўриш мумкин. Шиша ёрлиқларида “Иссиқкўл илдизи” деб ёзилган.

Коронавирусни даволашда аконитнинг фойдасини Республика соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев ҳам тасдиқлаган.

“Мен дамламани ўзим тайёрлайман. Соғликка ҳеч қандай зарари йўқ. Иссиқ ҳолатда ичишингиз керак, икки ёки уч кун ичида одамнинг ҳолати дарҳол яхшиланади. Бу худди экспекторанга ўхшайди. Бемор учун масъул бўлган ҳар бир шифокор беморни кузатади, у дамламани иссиқ ҳолда ичаётганда ёнида ўтиради. Менинг ўзим ҳам ичаман. Журналистлар келса, ичиб, бунинг зарари йўқлигини кўрсата оламан”, дейди вазир.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари эфирга чиқиб, COVID-19 ни даволаши айтилаётган дамламадан фойдаланиш хавфсизлигини исботлади.

Матбуот анжуманида вазир ушбу ўсимликнинг илдизи эритмасини ичди ва ундан фойдаланиш шартлари ҳақида гапирди. Бейшеналиевнинг таъкидлашича, дамламани совутилган ҳолда ичиш қатъиян ман этилади, бу ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.

Маълумот учун, Иссиқкўл илдизи ёки Жунгар аконити – бу курашчи уруғидан бўлган ўсимлик. Бу жуда заҳарли ўсимлик ҳисобланади. Қирғизистонда уни “заҳарли қўрғошин” деб ҳам аташади.

Бугун, 18 апрель ҳолатига кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 91 883 нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 86 907 нафари касалликдан соғайган, 1549 киши вафот этган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 355
Рейтинг: 2.9
t
×