Коронавирусга қарши вакцина устида ишлаётган университетга хакерлар ҳужум қилди
Технология
−
05 Июнь 2020
8721Сан-Франциско шаҳридаги Калифорния университетида хакерлик ҳужуми амалга оширилди. Унинг ходимлари коронавирусга қарши вакцина устида ишлашаётган эди. Бу ҳақда кеча, 4 июнь куни “Bloomberg” хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳужум шу ҳафта амалга оширилган, бироқ улар хакерларнинг хатти-ҳаракатлари қайси соҳага таъсир қилганини аниқлашмаган. Ҳодиса ҳақида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик мутахассисларига хабар берилди. Ҳолатни текшириш, шунингдек, университетга етказилиши мумкин бўлган зарарни аниқлаш ишлари бошланган. Айни пайтда университет вакилларининг сўзларига кўра, терговчилар хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳужум ҳақида қўшимча тафсилотларни ошкор этмаяпти.
“Bloomberg”нинг таъкидлашича, Сан-Франциско шаҳридаги Калифорния университети янги коронавирусга антитаналарнинг мавжудлигини текшириш, шунингдек, COVID-19 касаллиги учун дори-дармонларни клиник синовларини ишлаб чиқишда АҚШдаги етакчилардан бири ҳисобланади. Университет базасида гидроксихлорохин препарати синовдан ўтказилди.
Қўшма Штатлардаги кўплаб мутахассисларнинг фикрига кўра, гидроксихлорохиннинг коронавирусга қарши курашда самарадорлиги исботланмаган ва препаратнинг ўзи танага жиддий зарар етказиши мумкин.