Коронавирусга қарши курашга ажратилган пуллар талон-тарож қилинган – Норбоева

Жамият 9584
image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 6-ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева ўз нутқини коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун ажратилган маблағлар талон-тарож қилинаётганидан бошлади. 

“Коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун ажратилаётган маблағлар, аниқроғи, Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари талон-тарож қилинаётгани бизни ташвишлантирмоқда. Хусусан Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий Наманган вилоятларида санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан умумий ҳисобда жамғарманинг 1 миллиарлд 750 миллион сўмдан зиёд маблағи талон-тарож қилингани масалага жиддий эътибор қаратишни тақозо этади. 

Давлатимиз раҳбари томонидан халқимиз саломатлигини асраш, инқироздан имкон қадар тезроқ, талафотларсиз чиқиб кетиш учун не-не машаққатлар билан маблағлар жалб этилаётган бир шароитда, ўз нафсининг қулига айланган айрим калтабин мансабдорлар томонидан коррупцияга қўл урилаётганини ҳеч қайси йўл билан оқлаб бўлмайди. Юқоридаги камчиликларни бартараф этишга биз ҳам бирдек масъулмиз. Буни хато-камчилик деб бўлмайди, буни жиноят деб айтиш керак. Назоратни қаттиқ олиб боришимиз, ижро органларига қатъий талабларни қўйишимиз керак. 

Яқинда катта умидлар билан ташкил этилган коррупцияга қарши кураш агентлиги бу борада ўрганишлар, таҳлиллар олиб бориб, тизимда коррупцияга олиб келувчи сабаб ва омилларни бартараф этиш бўйича асосли таклифлар билан чиқиши керак”, дейди Танзила Норбоева. 

Сенат раиси сенаторлар ва тегишли қўмиталар олдига қонунларни қайта кўриб чиқиш, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупциянинг вужудга келишига сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш, қонунчиликни қайта инвентаризациядан ўтказиш талабини қўйди. Сенат раисига кўра, бундан буён коррупцияга қарши кураш муросасиз бўлади. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 274
Рейтинг: 3
t
×