Коронавирусга қарши эмланганларда ножўя таъсир кузатилса, нима қилинади?
Олам
−
05 Апрель 2021
4993Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари бошланганидан бери 24 мингга яқин одам вакцина билан эмланди. Вакцина ҳар кимга турлича таъсир қилади ва ўзига хос асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳўш, бундай ножўя таъсирларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилган?
Маълумотларга кўра, COVID-19 га қарши эмланган шахслар вакцина олганидан сўнг 30 дақиқа мобайнида кузатувда бўлади. Шунингдек, 3 кун давомида уйига ташриф буюриш йўли билан мунтазам назорат қилиб борилади. Уларнинг ҳолати текширилиб, 64/х ҳужжати билан расмийлаштирилади.
Таъкидланишича, барча эмлаш масканлари зарур асбоб-ускунлар ва дори-дармонлар билан таъминланган. Мутахассислар эмлашдан кейинги салбий ҳолатларни назорат қилиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган бўлиб, эмланиш билан боғлиқ аллергик реакция кузатилган ҳолларда тез тиббий ёрдам бригадалари жалб этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 апрелидан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнига старт берилди. Дастлаб коронавирус юқтириб олиш хавфи юқори бўлган шифокорлар ва 65 ёшдан ошган фуқаролар эмланмоқда.
Аҳолини эмлаш учун CОVAХ дастури орқали 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси, 27 март куни 1 миллион дозада ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси олиб келинган.
Шунингдек, май-июнь ойларида AstraZeneca ва ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан яна 5,5 млн доза олиб келиш режалаштирилган.
Камола Адҳамова