Коронавирусга қарши эмланганлар статистикаси сунъий ошириляптими? ССВ изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясига қарши эмланмаган фуқарога вакцина олганлик тўғрисида SMS-хабарнома келгани ҳақида видео тарқалди. Унда мурожаат эгаси “Сиз бугун вакцина олдингиз, кейинги вакцинангиз декабрь ойида” деган мазмунда хабарнома олганини айтиб, мамлакатда эмланган аҳолининг умумий статистикаси ошириб кўрсатилаётган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Мазкур ҳолатга Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Абдулла Азизов муносабат билдирди.

“Ушбу ҳолатга изоҳ беришдан аввал шуни айтмоқчиманки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 га қарши эмланиш статистикаси сунъий оширилишидан ҳеч қандай манфаатдор эмас. Аксинча, ҳар бир фуқаро эмлаш жараёнларида фаол иштирок этиб, бу орқали мамлакатимиздаги эпидемик вазиятнинг барқарор бўлиши тарафдоридир.

Шу нуқтаи назардан, юқоридаги видеомурожаат эгасининг вакцина олган аҳолининг умумий статистикасига ишончсизлик билдиришига асос йўқ.

Тўғри, айни пайтда фуқароларимизда “Коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатни қаердан ва қандай олиш мумкин?”, “Қайси вакцинадан сўнг организмда кучли иммунитет ҳосил бўлади?” каби саволлар билан бирга, эмланганлик ҳақидаги SMS-хабарномалар юзасидан баъзи тушунмовчиликлар юзага келмоқда”, дейди вазир ўринбосари.

У сўзида давом этиб, умуман эмланмаган фуқаро қўл телефонига юқоридаги каби коронавирусга қарши вакцина олганганлик ҳақида нотўғри SMS-хабарнома юборилаётганини инсон омили билан боғлаган. 

“Бу бир қарашда бироз тушунарсиз ҳолат бўлиши мумкин, бироқ ушбу жараёнларда инсон омили иштирок этишини ҳисобга олсак, хатоликлар юзага келиши мумкин.

Яъни, ҳозирда эмланаётган аҳолининг шахсий маълумотларини электрон тизимга киритаётган тиббиёт ходими катта ҳажмдаги ахборот билан ишлашига тўғри келмоқда. Қолаверса, баъзи эмлаш пунктларида маълумотлар қоғоз журналларга киритилаётгани боис, масъул ходимнинг хато қилиш эҳтимоли йўқ эмас”, дейди Абдулла Азизов.

Қайд этилишича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ITMed мобиль иловаси ва телеграмдаги @itmeduz_bot саҳифасида ЖШ ШИР (жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами) ҳамда my.gov.uz портали орқали ЖШ ШИР ва паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда фуқароларга вакцина олиш учун электрон навбатга ёзилиш ва эмланганлик сертификатини юклаб олиш имконияти яратилган.

“Агар вакцина олувчи фуқарода бундай имконият бўлмаса, ўзининг шахсий маълумотлари ва телефон рақамини эмлаш ҳамширасига тўғри айтганига ишонч ҳосил қилиши керак. Ана шунда юқоридаги каби тушунмовчиликлар юзага келмайди” деди Абдулла Азизов.


Мақола муаллифи

Теглар

ССВ вакцина

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг