Коронавирусдан умрбод ҳимоя қилувчи вакцина қачон яратилиши маълум бўлди
Олам
−
03 Январь 2022
7777Япониялик олимлар доимий иммунитет ҳосил қиладиган коронавирус вакцинасини яратиш устида ишламоқда, Nobelpharma фармацевтика компанияси 2023 йилда препаратнинг клиник синовларини ўтказмоқчи. Бу ҳақда Токио тиббиёт тадқиқотлари институти тадқиқотчиси Митинори Кохара “Japan Times” нашрига маълум қилган.
Ҳозирги вақтда қўлланилаётган вакциналар коронавирусга қарши вақтинчалик иммунитетни таъминлайди, бу эса қайта эмлашни талаб қилади.
2020 йил баҳорида пандемия бошланганидан сўнг, Кохара бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар 1796 йилда ишлаб чиқилган чечакка қарши вакцинадан COVID-19 га қарши вакцина яратишда фойдаланиш имкониятини ўрганишга киришди. Олимлар ушбу намунани инсонлар учун зарарсиз вакцина вирусига асослангани, вакцина самарали экани ва бир компонентли экани исботлангани сабабли танлаган. Тадқиқотчилар 2020 йил апрель ойида COVID-19 ни келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 вирусининг рекомбинант бошоқли оқсилли вакцина вируси устида ишлашни бошлаган.
“Қуш гриппи билан касалланган сичқонлар устида ўтказилган тажрибалар антитаначаларнинг юқори даражасини кўрсатди, улар 20 ойдан ортиқ ёки сичқончанинг деярли бутун умри давомида сақланиб қолган. Барча касалланган ва эмланган сичқонлар тирик қолди, эмланмаганлар ўлди”, деган олим.
Макакалар устида ўтказилган тажрибалар вакцинанинг пневмонияга қарши ҳимоя ҳосил қилиш қобилиятини тасдиқлаган. Тадқиқотчилар, шунингдек, эмланган ҳайвонларнинг ўпкасидаги вирус миқдори инфекциядан етти кундан кейин аниқланадиган даражадан пастга тушганини аниқлаган.
Олимнинг сўзларига кўра, Япониянинг Nobelpharma фармацевтика компанияси 2023 йилда вакцинанинг клиник синовларининг биринчи ва иккинчи босқичларини режалаштирган, бунда COVID-19 вакциналари билан эмланган ва тузалиб кетган 150-200 нафар кўнгилли иштирок этади.
“Агар клиник синовлар муваффақиятли ўтса, уларнинг учинчи босқичи 2024 йилда бозорларга тезроқ кириш мақсади билан дарҳол бошланади”, деган Кохара.
Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқилаётган вакцина икки компонентли бўлиши мумкин. У бир марталик дозадан сўнг самарали бўлади, лекин уч ҳафта оралиғида берилган икки доза вирусни зарарсизлантирадиган антитаначалар сонини ўн баробар оширади.
Кохаранинг таъкидлашича, вакцина камроқ ён таъсирга эга бўлиши мумкин, чунки у икки асрдан кўпроқ вақтдан бери маълум бўлган чечакка қарши вакцина асосида ишлаб чиқилмоқда.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2022 йил охирига келиб, пандемия бошланганидан бери дунё бўйлаб қарийб 282 миллион киши коронавирус билан касалланган, 5,4 миллион киши вафот этган. Шифокорлар деярли 8,7 миллиард дозада COVID-19 вакцинасидан фойдаланган.