Коронавирусдан соғайганлар сони 600 га яқинлашди – ССВ

Жамият

image

Бугун, 24 апрель куни Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 10 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг 7 нафари Тошкент шаҳридан, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятидан 1 нафардан. Улардан 9 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган, 1 нафари эса Қозоғистон Республикасидан келган ва карантин марказига жойлаштирилган. Инфекция аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Беморлардан 6 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 14 ёшда.

Ушбу клиникада шу пайтга қадар 58 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 68 нафарга етди.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 592 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача вирус аниқланганлар сони 1778 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 7 нафари вафот этган.  

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг,  #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг