Коронавирусдан шифо топаётган Хитой, Исроил ракеталарини қайтарган Сурия – воқеа-ҳодисалар дайжести

Бу қизиқ 5861
image

Жаҳон янгиликлари

Хитой. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга оид янги маълумотларни тақдим этди. Унга кўра, Хитойда ушбу инфекцияга йўлиққанларнинг 65 фоизи, яъни беморларнинг учдан икки қисми шифо топган. Аниқ маълумотларга кўра, айни дамда мамлакатда 80 409 нафар коронавирусга чалинган одам бор. 52 045 киши шифо топди. 3012 киши ундан вафот этди.

АҚШ. Қўшма Штатлар ва Франция Президентлари Дональд Трамп ҳамда Эммануэль Макрон телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида Суриянинг шимоли-ғарбидаги вазият ва Эроннинг ядровий ҳаракатлари муҳокама этилди. Улар, шунингдек, дунёга хавф солаётган коронавирусга қарши ҳамкорликда курашиш масаласида ҳам сўз юритган.

Ироқ. Мамлакат пойтахти Бағдодда иккинчи бемор коронавирус қурбони бўлди. Бу ҳақда Ироқ ССВ маълум қилган. Вафот этган шахс 65 ёшда бўлган. Биринчи қурбон Ироқ Курдистонининг Сулаймония шаҳрида яшовчи 70 яшар шахс бўлган. Кейинчалик мамлакат ССВ уни коронавирусдан вафот этгани аниқ эмаслигини маълум қилганди.

Сурия. Мамлакат ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими Исроил томонидан уюштирилган ракеталар ҳужумини муваффақиятли қайтарди. Маълумотларга кўра, ҳужум Хомс ва Кунейтра провинцияларига қилинган. Сурия давлат телевидениеси хабарига кўра, Исроил ҳужумни оккупация қилинган Голан тепаликларидан уюштирган. Исроил томонидан 12 та ракета отилган, аммо уларнинг барчаси қайтарилган.

Мексика. Мехико штати ҳукумати маҳаллий ранчодан қочиб кетган ва бир нафар одамни ўлдирган шер туфайли Валье-де-Браво шаҳридаги бошланғич ва ўрта мактабларининг ишлашини тўхтатди. Йиртқични қидириш ишлари 1 мартдан бошлаб юборилган эди. Аммо у ҳали топилмади. Қидирув ишларига флот кучлари, штат полицияси ва шаҳар комиссариати вакиллари жалб этилган.

Миср. Мамлакат ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукрий кеча, 4 март куни Aраб давлатлари лигаси (АДЛ) ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Aнқарани Ливия ва Суриядаги вазиятни беқарорлаштиришда ва ушбу мамлакатларда террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблади. Самеҳ Шукрий учрашувдаги нутқи давомида "Туркиянинг Ливияга ҳарбий аралашуви ва у ерга минглаб чет эллик террорчи жангариларнинг ташланиши туфайли мамлакатда танглик кучайганини" таъкидлаб ўтди.

Украина. Мамлакат Олий радаси кеча, 4 март куни фавқулодда йиғилиш ўтказди. Унда янги бош вазир тайинланди ва ҳукумат таркиби янгиланди. Парламент Бош вазир Aлексей Гончарукнинг истеъфосини қабул қилди. Унинг ўрнини собиқ бош вазирнинг жамоатчилик ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича ўринбосари Денис Шмигаль эгаллади. Украина Президенти Владимир Зеленский Гончарукнинг истеъфоси масаласини муҳокама қилиш чоғида ҳукумат кўп хатоларга йўл қўйганини, аммо уларни тан олишга ва тузатишга тайёр эканлигини таъкидлади. У Гончарук ҳукуматини коррупцияга йўл қўймагани учун мақтади.

Ўзбекистон хабарлари

Бухоро вилоятидаги Газли нефть газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Ғарбий Хаккуль” газконденсат конидаги 8-сонли қудуқда тўла таъмирлаш ишлари олиб борилди. Эндиликда 2620-2627 метр интерваллар оралиғида перфорация ишлари ўтказилиши натижасида қудуқдан бир суткада 60-70 минг куб метргача саноат миқёсида табиий газ олинмоқда. 

2020 йил, 2 мартдан бошлаб Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган ўзбекистонликларни тезкор хабардор қилиш учун Ўзбекистоннинг Сеул шаҳридаги Элчихонаси Telegram’да ўзининг расмий каналини очди. Элчихона дипломатик ваколатхона ҳузуридаги Оператив штаб аъзолари билан алоқага чиқиш маълумотларини (мобиль телефонлар рақамлари) эълон қилди.

Футбол хабарлари

Англия Кубоги. Мусобақанинг 1/8 финали навбатдаги баҳслари бўлиб ўтди. Унда қуйидаги натижалар қайд этилди:

“Шеффилд Уэнсдей” – “Манчестер Сити” 0:1

“Лестер” – “Бирмингем” 1:0

“Тоттенҳэм” – “Норвич” 1:1 (Пенальтилар серияси: 2:3)

Германия Кубоги. Мусобақанинг 1/4 финалида “Байер” ўз уйида “Унион” қабул қилиб, 3:1 ҳисобидаги ғалабага эришди. Яна бир учрашувда “Айнтрахт” “Вердер” дарвозасига жавобсиз 2 та гол йўллади. Ушбу жамолардан ташқари, “Бавария” ва “Саарбрюкен” клублари ҳам яримфинал йўлланмасини қўлга киритди.

Испания Кубоги. Мусобақа яримфинали жавоб баҳсида “Реал Сосьедад” сафарда “Мирандес”ни минимал ҳисобда мағлуб этиб, илк финалчига айланди. Учрашувда 0:1 ҳисоби қайд этилди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 75
Рейтинг: 2.8
Теглар
t
×