Коронавирус шифокорлари ва карантинга олинганлар қанча маош олади?

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) эпидемияси бўйича карантин режими вақтида шифокорлар маоши ва карантинга олинганлар иш ҳақлари масаласи бугун кун тартибида турибди. 

Короновирусга карши курашган тиббиёт ходимларига, яъни касаллик билан бевосита ишлашга тўғри келганларга 120 фоиз қўшимча ҳақ тўланиши белгиланган. Бу имтиёзни бошқа соҳадаги тиббиёт ходимларига берилмаслиги тўғрими? Мазкур савол билан Адлия вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоевага юзланилди. 
 
“19 март куни Давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус пандемиясига қарши кураш масаласига бағишланган видеоселекторда коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилганлиги ва уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди. 
 
Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармонида тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига  6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиниши белгиланди. 
 
Демак, тиббиёт ходимларининг иш ҳақига қўшимча устама коронавирусга қарши курашиш ишларига жалб қилинган ходимларга берилади”, дейди Ўринбоева саволга жавобан. 
 
Расмий вакил, шунингдек оила аъзолари касаллангани сабабли карантинга олинган шахсларга иш ҳақи сақланиши юзасилан қуйидагиларни гапирди:

"Меҳнат кодексига кўра, агарда ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология  органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфини олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа берилади. 
 
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса иш ҳақининг 60 фоизидан 100 фоизигача миқдорда тўланади. 

Бундай нафақанинг энг кам миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори (679 минг 330 сўм)нинг 35,2 фоизидан, яъни 239 минг 124 сўмдан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим. 

Юқоридаги карантин масаласида қабул қилинган Президент Фармонига кўра, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади”.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Карантин

Баҳолаганлар

480

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг