Коронавирус сабаб Юлдуз Усмонованинг концерти вақтинча тўхтатилди
Маданият-санъат
−
15 Март 2020
14003Хабарингиз бор, бугун, 15 март куни соат 06:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда илк бор коронавирусга чалинган бемор аниқланди. Шу муносабат билан бугун, 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов коронавирус хавфи сабаб мамлакатдаги барча оммавий тадбирлар – маданий тадбирлар ва спорт мусобақалари, жумладан барча ҳудудларда ўтадиган Наврўз умумхалқ байрами билан боғлиқ тадбирлар бекор қилинганини айтди.
Маълумки, мамлакатдаги “Халқлар дўстлиги”, “Туркистон” саройи ва “Humo” арена муз саройида ўтиши режалаштирилган концерт дастурлари бор. Айтайлик, жорий йилнинг 25 мартига қадарм Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова “Халқлар дўстлиги” концерт саройида яккахон концерт дастурини тақдим этмоқда. Ушбу сарой эса ўз бағрига 4 мингдан ортиқ томошабинни қамрай олади. Хўш, мамлакатда барча оммавий тадбирларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ тақиқлар Юлдуз Усмонованинг концертларига ҳам тегишлими? QALAMPIR.UZ ушбу саволга жавоб олиш учун тегишли ташкилотлар билан боғланди.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг маълум қилишича, Юлдуз Усмонованинг концерти эртага, 16 мартдан эътиборан тўхтатилади.
Концертнинг бекор қилиниши бугун, 15 март кунига алоқадор эмас.
Расмийларнинг маълум қилишича, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концерти мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ ҳолат барқарорлашгач, давом этади. Аммо, концертнинг қолган сеанслари қайси кунларга кўчирилиш ҳозирча маълум эмас. Концерт кунларининг кўчирилиши ва чипталарнинг амал қилиш саналари бўйича қўшимча маълумот берилади.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь