Коронавирус сабаб тўйлар ҳам бекор қилинадими? Бош вазир жавоб берди

Жамият 24721

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва мамлакатдаги барча оммавий тадбирларнинг бекор қилиниши тўй-ҳашам, оилавий маросимларга ҳам тааллуқлими? Ушбу масала бугун, 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида ўтган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси йиғилишида кўтарилди. 

“Ориат доно” радиоси Бош муҳаррири Ҳожимурод Отақулов Бош вазир Абдулла Ариповга “оммавий тадбирларнинг тақиқланиши тўйларга ҳам тааллуқлими?” деган савол билан мурожаат қилди. 

Ҳукумат раисининг қайд этишича, оммадий тадбирларга нисбатан ўрнатилган тақиқлар тўй-ҳашам, оилавий маросимларга алоқадор эмас. Тўйлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори асосида қабул қилинган Низом доирасида ўтказилиши давом эттирилади. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 1 январидан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорига кўра, Тўй, оилавий байрамлар, маърака ва маросимлар (дафн маросимидан ташқари) 1 кун бўлади. 

Тўйлар соат 6:00-23:00 оралиғида ўтказилади. Шароитга қараб ош вақти халқ депутатлари томонидан алоҳида белгиланади. Тўйда 200 нафаргача одам қатнашади, ошда 250 тагача. Қўшалоқ тўйда 250 нафаргача, ошда 300 нафаргача. 

Дафн маросимида чекланмаган одам қатнашиши мумкин, ош бериш вақти бундан мустасно.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган фуқаро жорий йилнинг 11 март куни Франциянинг Париж шаҳридан қайтган. Вирус билан оғриган ўзбекистонлик аёл олий тоифали шифокор бўлган

Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 702
Рейтинг: 2.9
t
×