Коронавирус хавфи: Бурхонов фавқулодда ҳолат эълон қилиш ва армияни ишга солишни таклиф қиляпти
Жамият
−
23 Март 2020
25519COVID-19 коронавирус инфекцияси ҳақида хабарлар жанг майдонларидаги хабарларга ўхшаб кетмоқда. Жон Хопкинс университетининг интерфаол харитасига кўра, дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатида қарийб 340 минг киши ушбу касалликка чалиниб улгуришган.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Акмал Бурхонов Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун қилинаётгани ишлар ҳақида фикр билдирди ва қатор қўшимча чораларни қўллашни таклиф қилди.
“Ўзбекистонда биринчи ҳолат 15 март куни аниқланди. 23 март ҳолатига кўра, ушбу инфекцияни юқтирганлар сони 46 нафарга етди. Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз феноменининг иқтисодий соҳага таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан 10 трлн. сўм миқдоридаги маблағ билан Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилди ва Инқирозга қарши Республика комиссиясини тузилди.
Шунингдек, барча ўқув муассасаларида карантин жорий этилди, республика аҳолисига заруриятсиз уйдан чиқмаслик тавсия этилди, кўчалар ва жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш мажбурийлиги белгиланди, хорижий давлатлар билан ҳаво ва автомобил ташишлар чекланди, чегара ўтказиш пунктлари ёпилди. 23 мартдан бошлаб эса, пойтахтимиздаги барча корхона ва муассасалар, асосий фаолиятини олиб боришни сақлаб қолган ҳолда, ходимларни меҳнат таътилига ёки масофадан туриб ишлаш режимига ўтказишлари тавсия этилди. Ишлашни давом эттирадиганлар учун эса иш пайтида ниқоб кийиб юришлари шартлиги белгиланди Қоидабузарларга эса интизомий жазо чоралари қўлланилиши кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, сўнгги кунларда чет элдан келган ва касалликни юқтирган фуқаролар билан алоқада бўлган шахсларни изоляция қилиш ва карантин ҳолатида ушлаб туриш учун барча профилактика муассасалари ва санитария-эпидемиология назорати органлари сафарбар қилинди, шифокорлар эса касалхоналарда 24 соат навбатчилик қилишмоқда.
Бундай вазиятда карантин режимидан қочишга уринган фуқароларимизнинг ҳатти-ҳаракатларини тушуниш жуда қийин. Улар бу ҳаракатлари билан нафақат ўзларини, балки қариндошлари ва дўстларини, атрофдагиларни хавф остига қўймоқдалар. Шуни таъкидлаш жоизки, бундай ҳаракатлар учун қонунчилигимизда жиноий жавобгарликка тортиш чоралари назарда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, карантин чоралари касалликнинг кескин ўсиб кетишининг олдини олишга, шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож одамларнинг соғлиқни сақлаш тизими имкониятларидан тўлақонли фойдалана олишлари учун имкон яратади. Карантинга риоя қилмаслик - иммунитети пасайган, сурункали касалликларга чалинган одамларга "ўлим жазоси" берилишига олиб келади. Чунки сиз ёки инкубация даврида юқтирган инсонларингиз соғлиқни сақлаш тизимининг ресурсларини, шифокорлар вақтини, қутқариш учун юборилиши мумкин бўлган зарур жиҳозларни ва воситаларни оладилар.
Масалан, Хитойнинг Ухань шаҳрида карантиннинг қатъий режими жорий қилиниши ушбу инфекциянинг янада тарқалиб кетмаслигини таъминлашда самарали ечим бўлди. 23 январ куни мазкур карантин режими жорий этилгандан сўнг, янги инфекциялар сонининг экспоненциал ўсиши тўхтади, яъни инфекциянинг тарқалиши карантин жорий этилгандан сўнг дарҳол пасая бошлади. Хозирги кунда, Хитойда касалликнинг янги ҳолатлари деярли қайд этилмаяпти, унинг чегарасидан ташқарида эса, бу сон кун сайин бир неча мингга ошиб бормоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, одамлар “ижтимоий масофа”, яъни жамоат жойларида ҳаракатланишни чеклашса, вирус тарқалиши секинлашиши мумкин. Aгар фуқаролар камроқ ҳаракат қилсалар ва камроқ ўзаро алоқа қилсалар, вирус тарқалиш эҳтимоли камроқ бўлади”, дейди Акмал Бурхонов.
Ҳаракат етакчиси Ўзбекистонда ушбу касалликнинг янада кўпайишининг олдини олиш учун ва карантин режимини кучайтиришга қаратилган яна бир қатор кескин чораларнинг кўрилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтган. Хусусан:
• Мамлакатда коронавирус инфекциясининг тарқалиши муносабати билан фавқулодда ҳолат жорий этиш (эксперимент тариқасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида);
• Карантин қоидаларига риоя этилиши устидан тегишли назорат олиб боришга тайёр армиянинг қисман сафарбар этилиши;
• Республика бўйлаб шаҳар ва туманлар ўртасида темир йўл, ҳаво, автобус ва автомобиль йўловчилар ташишни чеклаш;
• Вилоятларда, айниқса мамлакатнинг чекка ҳудудларида кўчма (мобил) пунктлар ва лабораторияларни ташкил этиш, уларда коронавирусни аниқлаш учун портатив экспресс-тестлар ўтказиш;
• COVID-19 учун синовларни тезкор ўтказиш ва ушбу тест жиҳозлари импортини амалга оширишда хусусий секторни давлат томонидан рағбатлантириш;
• Барча ташкилотлар ва муассасаларда, жамоат жойлари (транспорт, дам олиш жойлари, савдо марказлари, бозорлар, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, кўп қаватли биноларга кириш жойлари) да бепул дезифенкциялаш ишларини олиб бориш;
• Алоҳида корхона ва ташкилотларни зарур маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мослаштириш, масалан, шахсий ҳимоя воситалари (ниқоблар, респиратор ва бошқалар), антисептиклар, дорилар ва ускуналар (механик шамоллатиш аппаратлари);
• Республика бўйлаб (айниқса, чекка ҳудудларда) тиббий препаратлар ва буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарур товарларга буюртма берадиган масофавий хизматлар кўрсатиш тизими имкониятларини кенгайтириш;
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 46 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси