Кореяда ўзбекистонлик эркак ёнғин ичида қолган аёлни қутқарди
Олам
−
19 Сентябрь 2023
8221Жанубий Кореянинг Янсан шаҳрида ўзбекистонлик эркак ёнғин ичида қолган аёлни қутқарди. Бу ҳақда “The Korean Herald” хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 18 сентябрь куни номаълум шахс Жанубий Кёнсан провинциясининг Ёнғин хавфсизлиги бошқармасига, Янсан шаҳридаги тамаддихонада портлаш овози эшитилганини билдириб, қўнғироқ қилган. Кейинроқ кекса эр-хотин бошқарувидаги мазкур ресторанда ёнғин содир бўлгани аниқланган.
Ҳодиса пайти 70 ёшлардаги эркак аёлини ресторанда ёлғиз қолдириб кетгани маълум бўлган. Ўт ўчирувчиларнинг сўзларига кўра, 69 ёшли аёл ҳушсиз ва оғир аҳволда ётганида қўшни виллада яшовчи Ўзбекистон фуқароси ёнғин ичига кириб, уни қутқариб чиққан.
Маҳаллий вақт билан соат 18:44 да бошланган ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан 19:11 да тўлиқ ўчирилган. Келтирилган зарар 80 миллион вон (60 419 доллар) миқдорида баҳоланган. Ёнғин хавфсизлиги ходимлари ҳодисанинг аниқ сабабларини ўрганмоқда.
Ҳозирда аёл ва унинг эри ёнғин оқибатида олган куйиш жароҳатлари билан касалхонада даволаняпти. 40 ёшли ўзбекистонлик эркак эса шиша синишидан енгил тан жароҳати олгани айтилмоқда.