Кореяда ишлаш орзусидаги икки йигитни 8 800 АҚШ долларига ухлатмоқчи бўлган шахс ушланди

Жамият

image

Кореяга бориб ишлаш орзусида юрган икки йигит ўқув курсида корейс тилини ўрганаётган пайтда, уларга таълим бераётган ўқитувчи М.Р. катта маошли иш топиш мумкин бўлган бу давлатга бориш учун ёрдам беришини айтиб, улардан эвазига 9 000 АҚШ доллари талаб қилади.

Бу шахс “Fаst and easy” нодавлат таълим муассасаси раҳбари бўлиб, бу ишни ёлғиз ўзи қилолмаслиги, балки “Hoy fast and easy” нодавлат таълим муассасасининг раҳбари Б.С. билан бирга, унинг юқори ташкилотда ишловчи танишлари орқали битиришини айтади.

Йигитлар фирибгарнинг гапларига тўла ишониб, бор имкониятлар, қарзу ҳаволалар эвазига бири 4,5 минг, яна бири 3,3 минг доллар топиб келтиради. 

Буни эшитган М.Р. пулни Тошкент шаҳар Чилонзор туманидан ўтувчи Кичик халқа йўлида жойлашган “Шуҳрат” чорраҳасига олиб келишларини айтади. Икки йигитдан 8,8 минг АҚШ долларини санаб олаётган пайтда, ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан қўлга олинади.

Аммо М.Р. шу онда фақат сувдан қуруқ чиқишни ўйлаб, айбни жиноий шеригимга юкласам, қутилиб қоламан, деган мақсадда ҳамтовоғини айблашга ўтди. Орган ходимлари талаби билан у пулни шериги Б.С.га олиб боради. У эса пулни ҳеч иккиланмай қабул қилаётган пайтда, ҳар иккала фирибгар қўлга тушади.

Шундай қилиб, ўзгалар мублағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга уринган бу икки шахс суднинг қора курсисига ўтирди.

“Мазкур жиноят ишини кўриб чиқишда, судланувчиларнинг бу жиноятни ғаразли ниятларда содир этгани жазони оғирлаштирувчи ҳолат, деб баҳоланди. Уларнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, содир қилган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, яшаш ва иш жойидан ижобий тавсифлангани, оилавий шароити, оилада ягона боқувчи экани каби ҳолатларга ҳам эътибор қаратилди”, дейди Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси Сарвар Орипов.

Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан айбланган бу шахсларга ойлик иш ҳақининг маълум қисмини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир неча йил ахлоқ тузатиш ишлари, 5 йилдан зиёдроқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташи керак эди. Лекин Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, тайинланган жазо шартли, деб ҳисобланди ва уларга 3 йил синов муддати белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг